Жабрланувчиларнинг ҳуқуқий ҳимояси янада мустаҳкамланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарар учун жавобгарлик ҳақидаги 991-моддасига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарарнинг тўла ҳажмда тўланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 1021-моддаси иккинчи қисмига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасижа етказилган маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланиши ҳақидаги нормани киритиш таклиф этиляпти.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қийноққа солиш оқибатида зарар кўрган жабрланувчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech