Шу кунларда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Ғайбулла Саломовнинг 90 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Жорий йил 10-12 декабрь кунлари Тошкент давлат шарқшунослик университетида ташкил этилган “Таржимашунослар-2022” халқаро форуми шулар сирасига киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ушбу анъанавий илмий-амалий анжуманнинг очилишида иштирок этар экан, атоқли олим Ғайбулла Саломов собиқ тузум давридаёқ ўзбек таржимашунослик мактабига асос солганига эътиборни қаратди. Бугунги кунда ушбу илмий мактабнинг довруғи нафақат юртимиз, балки дунё миқёсида, хусусан, Франция, Болгария, Словакия, Туркия, Россия, Белоруссия, Украина, Арманистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Тожикистон мамлакатлари илмий доираларида эътироф этилгани таъкидланди.
Ҳақиқатан ҳам, “Ғайбулла Саломовнинг ўзбек таржимашунослиги мактаби” дея ном олган илмий мактаб мамлакатимиз, ҳаттоки жаҳон илм-фани равнақида беқиёс ўринга эга. Бу мактаб истиқлол йилларида адабиётшунослик, таржимашунослик ва таржимачилик соҳалари тараққиётига айниқса муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ғайбулла Саломов мамлакатимизда энг кўп шогирдлар тарбиялаган заҳматкаш олимлардан биридир. Маълумотларга қараганда, домланинг илмий раҳбарлигида 67 киши фан номзоди, 8 киши фан доктори бўлган. Улар орасида Ўзбекистоннинг кўзга кўринган фан ва маданият ходимлари, жамоат арбоблари бор.
Илмий-амалий конференция ялпи мажлисида замонавий таржимонлар фаолияти, таржимашунослик соҳаси олдидаги долзарб муаммолар таҳлил қилинди. Шунингдек, ўзбек таржима тарихига назар ташланди.
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, таржимашунос олим Зуҳриддин Исомиддинов, хорижлик таржимашунос олимлар Жемаледдин Туней, Сафармо Толибий, Шив Сингх, Ма Хуемей ва бошқалар сўзга чиқдилар. Улар бугунги куннинг таржимашунослик соҳаси билан боғлиқ муҳим масалаларига атрофлича тўхталдилар.
Шундан сўнг “Таржимашунослар-2022” халқаро форуми ўз ишини шўъбаларда давом эттирди. Ушбу жараёнда таржимашунослик соҳасини ривожлантириш истиқболларига оид амалий таклифлар муҳокама қилинди.
Илмий-амалий анжуман доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан айни мавзуда нашр этилган янги китоблар тақдимоти ўтказилди. Шоир ва таржимон, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзонинг “Салламно, Истиқлол! (Ғайбуллоҳ ас-Салом оламига саёҳат)” ва Муҳаммад Юсуф номидаги жамоат фонди билан ҳамкорликда тайёрланган “Профессор Ғайбулла Саломов 90 йиллиги: илмий ва ижодий фаолияти” номли китоблар анжуман иштирокчиларига манзур бўлди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Таржимашунослик ва халқаро журналистика хабарлари
"O'zbekiston 24" радиоканали
- Қўшилди: 12.12.2022
- Кўришлар: 4939
- Чоп этиш