Эътироф
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг сиёсий иродаси, юксак ишончи ва саъй-ҳаракатлари билан давлатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар барча соҳада изчил ривожланиб, дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юқори даражага кўтарилиб бормоқда.
Бунинг натижасида ўзаро борди-келдилар кўпайди, биргаликда қатор лойиҳалар амалга оширилиб, икки мамлакат заминида ташкил этилаётган маданият ва санъат анжуманлари, турли форумлар, кўргазма ҳамда фестивалларда томонларнинг иштироки анъанага айланди. Бундан халқларимиз беҳад мамнун.
Тожикистон Республикаси Президенти, Миллат пешвоси ҳурматли Эмомали Раҳмон икки мамлакат ўртасида яратилган мана шундай ишонч ва дўстлик муҳити ҳақида тўхталиб, жумладан, “Илгари тўпланиб қолган муаммолар шундай қисқа муддатда ҳал этилишини тасаввур қилиб бўлармиди?! Бунга халқаро ташкилотлар ҳам ишонмаган эди. Бугун давлатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган масала қолмади, ўзаро ишонч пайдо бўлди. Бундай муносабатларнинг ташаббускори ва архитектори ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев”, деган эди.
Мен шу ўринда Ўзбекистон Президенти, ҳурматли Шавкат Мирзиёевнинг икки эл дўстлиги ҳақидаги жуда гўзал таърифини ҳам ёдга олган бўлардим:
“Ўзбек ва тожик халқи бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига қиёсдир. Бизнинг динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Бир мақсад йўлида бирлашган ҳолда, қувончу шодлигимизда ҳам, қайғумизда ҳам доимо биргамиз.
Аждодлар анъанасига содиқ қолган ҳолда, халқларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамламоғимиз даркор”, дея таъкидлаган эди Шавкат Миромонович.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва Тожикистон икки мустақил мамлакат сифатида турли чегара ҳудудига эга бўлишига қарамай, азалдан уларни боғлаб турувчи умумий жиҳатлар кўп.
Ўзбекистоннинг сўнгги 5-6 йил мобайнида барча соҳада эришаётган ютуқларини алоҳида эътироф этиш лозим. Албатта, энг яқин қўшнилардан бири ўлароқ, қўлга киритилаётган ҳар бир муваффақиятингиздан биз ҳам чин дилдан қувонамиз.
Эришилаётган юксак марралар, шу жумладан, таълим, маданият соҳаларида салмоқли экани алоҳида диққатга сазовор. Биз Тошкент шаҳрида юксак даражада ташкил этилган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ижодий ва илмий зиёлиларининг XV форуми доирасида ана шу натижалар ҳақида ҳам янада кенг маълумотга эга бўлмоқдамиз.
Шу ўринда эътиборимни тортган айрим жиҳатларга тўхталмоқчиман. Маълумотларга кўра, охирги 6 йилда Ўзбекистон олий таълим муассасаларида илмий салоҳият 32,7 фоиздан 39,3 фоизга етказилибди. Бу жуда яхши кўрсаткич.
37 та олий таълим даргоҳига академик ва молиявий мустақиллик берилибди. Бу шуни англатадики, ушбу олий таълим муассасалари моддий-техника базани мустаҳкамлаш, контракт асосидаги қабул параметрларини мустақил ҳал этиш имкониятига эга. Ўқув режалари ва дастурларини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби жорий этилгани ҳам диққатга сазовор.
Эҳтиёжманд оилаларнинг фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти ажратиш тизими жорий қилингани аҳолига кўрсатилаётган катта эътибор ифодасидир.
Мен ўзбек ижодкорларининг иқтидори, салоҳиятини алоҳида эътироф этган бўлардим. Юртингиз вакиллари мақом, бахшичилик, опера ва балет, миллий қўшиқчилик, ижро санъати, тасвирий ва амалий санъат, миллий рақс ва бошқа йўналишларда жаҳон саҳналарида барчани лол қолдириб келмоқда. Шубҳасиз, бу каби ютуқ ва натижалар Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотларининг мевасидир.
Форум доирасида Тошкент шаҳрида МДҲ ёш олимларининг “Дебютлар ҳамдўстлиги” халқаро мукофотини топшириш маросими ўтказилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Зеро, МДҲга аъзо давлатларда ёшлар ижодини қўллаб-қувватлаш, МДҲ ёшлари ўртасида маданият, санъат, фан, таълим соҳасида ижодий алоқа ва ҳамкорликни ривожлантириш, интилувчан муаллифлар, ижрочилар, ёш олимларнинг касбий ўсишига кўмаклашиш мақсадида таъсис этилган ушбу танловда Ўзбекистон доимо мақтовга арзигулик натижалар кўрсатиб келмоқда.
Тожикистонда Ўзбекистон маданиятига, ўзбек миллий санъат турларига бағишланган тадбирлар ўтказилиши анъанага айланди. Бу тадбирлар икки қардош миллатнинг ўзаро маданий алоқаларини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Қолаверса, Ўзбекистонда ҳам Тожикистон маданияти ва санъати, адабиётига доир анжуманлар, мусиқий дастурлар ташкил этилаётгани дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Умуман айтганда, бугунги шиддатли замонда Ўзбекистон ўзининг янгиликка интилиши, қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашдаги ташаббуслари, маданий-маърифий соҳалардаги ютуқлари билан ҳар қандай эътирофга сазовор.
Достизода МИРАЛИ,
Тожикистон миллий консерваторияси
ректори, Тожикистон халқ артисти.
ЎзА
- Қўшилди: 14.12.2022
- Кўришлар: 4779
- Чоп этиш