“Cудьялар кенгаши фаолиятининг раҳбарий тамойиллари” лойиҳаси бўйича халқаро маслаҳатлашув ўтказилди

2022 йил 16 декабрь куни Тошкент шаҳрида “Cудьялар кенгаши фаолиятининг раҳбарий тамойиллари” лойиҳаси ва концепциясининг муҳокамасига бағишланган халқаро маслаҳатлашув бўлиб ўтди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Халқаро маслаҳатлашувнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Cпикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Директори Маттео Мекаччи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров сўзга чиқди.

А.Саидов “Cудьялар кенгаши фаолиятининг раҳбарий тамойиллари”ни ишлаб чиқиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилганини таъкидлади. Ўтган даврда шу асосда Ўзбекистон томонидан “Cудьялар кенгаши фаолиятининг раҳбарий тамойиллари” лойиҳаси ва концепцияси ишлаб чиқилди.

Ушбу раҳбарий тамойилларнинг асосий мақсади суд кадрларини танлаш, қайта тайёрлаш, уларни тайинлаш ва мартабасини ошириш, суд органлари ва судьялар фаолиятини моддий-молиявий жиҳатдан таъминлаш билан шуғулланадиган ихтисослаштирилган миллий органлар фаолияти ягона ҳуқуқий асосларини яратишдир. Бу, ўз навбатида, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур тамойиллар одил судлов самарадорлигини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Қолаверса, суд тизимининг қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги ролини оширишга ёрдам беради.

 “Cудьялар кенгаши фаолиятининг раҳбарий тамойиллари” лойиҳаси ва концепциясини ишлаб чиқишда тегишли давлат органларининг фикр-мулоҳазалари инобатга олинди. Бундан ташқари, бир қанча халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертларнинг ушбу ҳужжат лойиҳаси юзасидан билдирган таклиф-тавсиялари асосида лойиҳа янада такомиллаштирилди.

Айниқса, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича собиқ махсус маърузачиси, халқаро эксперт Диего Гарсия-Саян томонидан жорий йил сентябрь ойида берилган таклиф ҳамда хулосалар ушбу раҳбарий тамойиллар матнида ўз аксини топди. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг шу йил март ойида тақдим этган тавсия ва хулосалари ҳам мазкур ҳужжатни маромига етказишда алоҳида аҳамият касб этди.

Халқаро маслаҳатлашувда “Cудьялар кенгаши фаолиятининг раҳбарий тамойиллари” лойиҳаси ва концепцияси ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тақдим этган тавсиялар доирасида атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир ташкилотчилари томонидан ушбу лойиҳа ва концепияни ишлаб чиқиш жараёнларида амалий таклиф ва тавсиялари билан фаол иштирок этган халқаро ташкилотлар, хорижий ҳамда миллий экспертларга миннатдорчилик билдирилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech