Меҳнат мигрантлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш - устувор вазифа

18 декабрь – Халқаро мигрантлар куни

Aҳоли миграцияси инсоният цивилизациясининг ўзи каби қадимий ҳодиса. Баъзан кўчиш ихтиёрий тарзда юз беради, одамлар яхши ҳаёт излаб бегона юртга кўчиб ўтади, айрим ҳолларда кишилар уруш ёки табиий офатдан қочиб, кўчишга мажбур бўлишади. Ҳозирги даврда миграция, асосан, иш қидириш билан боғлиқ. Меҳнат мигрантлари иш кучи ортиқча мамлакатдан ишчига талаб юқори юртга чиқиб кетишади.

Сўнгги ўн йилликларда дунё бўйлаб меҳнат мигрантлари сони ошиб бориши тенденцияси кузатилмоқда. БМТ маълумотига кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг, тахминан, 3,6 фоизи ёки 281 миллион кишидан иборат қисми ёхуд ҳар ўттиз беш кишидан бири ватанини чет элда ишлаш учун тарк этган мигрантлардан иборат. Миграциянинг назоратсиз ва ноқонуний амалга ошиши айрим мамлакатларда ижтимоий аҳвол оғирлашувига, гуманитар инқироз юзага чиқиши эҳтимоли бўлса-да, умуман, миграция жараёни мигрантни қабул қилган ва мигрант келиб чиққан мамлакат барқарор ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Меҳнат миграцияси фаровонликка, иқтисодиёт ўсишига олиб келади. Зеро, муҳожирлар меҳнат бозорида малакали мутахассис ва арзон иш кучига эҳтиёжни қоплаш баробарида, мигрант келиб чиққан мамлакатда камбағаллик қисқаришига ёрдам беради.

Мигрантлар инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Улар жаҳон иқтисодиётида мутаносибликни таъминлашга хизмат қилади, турли мамлакатлар ўртасида янги билим, тажриба ва малака алмашинувига кўмаклашади. Шунингдек, мигрантлар туфайли турли халқлар ўртасида ахборот ва ғоя, маданий қадрият ва илмий-инновацион айирбошлаш таъминланади.

Мигрант ҳуқуқи бузилиши, жумладан, уни ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қийноққа солиш ёки муҳожирга нисбатан бошқача тарзда шафқатсиз муомала қилиш, эксплуатация, шунингдек, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқнинг рад этилиши ҳолати, кўпинча, муайян мамлакатдаги камситувчи қонун ва турли стереотиплар билан боғлиқ. Бу ўз навбатида мигрантлар ҳуқуқини таъминлашга эътиборни кучайтиришни тақозо қилмоқда. Шу боис БМТ Бош Aссамблеяси 2000 йилдан бошлаб ҳар йили Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро конвенция қабул қилинган кун - 18 декабрь санасини Халқаро мигрантлар куни сифатида нишонлашга қарор қилган.

Бу кун жаҳон миқёсида мигрантлар ҳуқуқи ва эркинлигига риоя этилишини таъминлаш бўйича самарали чоралар кўриш алоҳида аҳамиятга эга эканлиги муҳокама қилинади, бу борада маълумот тарқатиш, тегишли қонунлар мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш бўйича тадбирлар ўтказилади.

Кейинги йилларда давлат бошқаруви ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида Ўзбекистонда миграция масаласига муносабат тубдан ўзгарди. Халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизми такомиллаштирилмоқда. Давлатимиз раҳбари “меҳнат мигрантлари муаммосини ҳал этишга барча давлат ташкилотлари, мутасаддилар, фуқаролик жамияти институтлари томонидан Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг энг муҳим, бугунги кун ва келажак нуқтаи назаридан ўз ечимини кутаётган асосий масалаларидан бири сифатида қаралмоғи лозим”лигини таъкидлаган.

Мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатни тартибга солишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда. Президентнинг 2020 йил 22 июндаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва “Йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди, айни пайт парламентда ушбу ҳужатни такомиллаштириш юзасидан муҳокама давом этмоқда. Мазкур қонун мамлакатимиздан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар учун қулай меҳнат шароити яратиш, уларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатини таъминлаш, шунингдек, шундай юртдошларимизни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашни кафолатлашга қаратилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2019-2022 йилларда қабул қилинган фармон ва қарорлари билан хорижда ишлаётган фуқаролар ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқини таъминлаш механизми такомиллаштирилди, бу борада зарур чоралар кучайтирилди:

биринчидан, хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни ўқитиш ташкил этилди. Бунинг учун Республиканинг барча ҳудудларида жами 17 та мономарказ ва 56 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 479 та маҳалла касб-ҳунарга ўқитиш маскани фаолият олиб бормоқда. Меҳнат мигрантлари жами 20 дан ортиқ касб ва 7 та хорижий тил бўйича таҳсил олмоқдалар. 2022 йил бошидан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш истагида бўлган 46,8 минг нафардан зиёд фуқаро касб-ҳунарга ва чет тилига ўқишга жалб қилинган;

иккинчидан, хорижда ишламоқчи бўлганларни ишга тартибли жойлаштириш тизими шаклланди. Хусусан, 2022 йилнинг 9 ойи давомида 27 мингдан зиёд фуқаро хорижга манзилли ишга юборилди;

учинчидан, хорижда меҳнат қилиш географияси кенгайди, миграция бўйича анъанавий ҳамкорларимиз - Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркиядан ташқари Европа ва Осиёнинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, Буюк Британия, Литва, Латвия, Польша, Болгария, БAA, Саудия Aрабистони, Сербия, Хорватия, Япония, Исроил, Германия, Греция, Қатарга тартибли ишга жойлаштириш йўлга қўйилди, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга хизмат кўрсатиш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхоналари ташкил этилди, Ўзбекистон Республикаси Бош консулхоналарида меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими жорий этилди; 

бешинчидан, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Ўзбекистонга қайтган меҳнат мигрантларига кўмак бериш ва уларнинг қайта интеграциялашувини таъминлаш тизими шакллантирилди. Меҳнат мигрантлари ва оила аъзоларининг уй-жой шароитини яхшилаш, уларга моддий ва тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди. 2021 йил давомида хориждаги 8 811 мигрантга ҳуқуқий ёрдам, 295 102 кишига маслаҳат хизмати, 6 283 нафар меҳнат муҳожирига ижтимоий, 13 424 ҳамюртимизга моддий кўмак берилди. Мигрантларнинг 7 534 нафарига бир марталик моддий ёрдам ажратилди. Шунингдек, хорижда қийин аҳволда қолган 321 фуқаро уйига қайтарилиб, иш берувчи томонидан тўланмай келинган 984,1 минг доллар миқдоридаги иш ҳақи ва пуллик компенсация ундириб берилди.

Мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш Ўзбекистон Республикаси олдида турган устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан, Миллий марказ қатор чора-тадбирлар амалга оширмоқда.

Биринчидан, мигрантлар ҳуқуқи бўйича таълимни ривожлантириш йўналишида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқи соҳасидаги Миллий таълим дастури лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегишли “Йўл харитаси”да мигрантлар ҳуқуқи бўйича давлат идоралари ва ташкилотлари ходимлари учун ўқув курслари ташкил қилиш, “Мигрантлар ҳуқуқи” дарслиги, ўқув ва услубий қўлланмалар чоп этиш вазифаси белгиланди.

Иккинчидан, мигрантлар ҳуқуқи бўйича халқаро шартномалар тўпламини давлат тилида чоп этиш юзасидан иш бошланган, миграция ҳуқуқи бўйича рисолалар нашр этилмоқда.

Учинчидан, мигрантлар ҳуқуқи бўйича ахборот-ресурс таъминоти такомиллашмоқда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда очилган “Инсон ҳуқуқлари уйи”да мигрантлар ҳуқуқига бағишланган нашрлар йиғилмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида ташкил этилган “Инсон ҳуқуқи соҳасидаги адабиёт бурчаклари”дан мигрантлар ҳуқуқи бўйича нашрлар жой олади.

Тўртинчидан, мигрантлар ҳуқуқи бўйича илмий тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, 2022 йил Миллий марказда мигрантлар ҳуқуқи бўйича докторлик диссертацияси муваффақиятли ҳимоя қилинди. Ушбу муҳим мавзунинг турли жиҳатларини тадқиқ этишга бағишланган илмий, амалий тадқиқотлар давом эттирилмоқда.

Бешинчидан, мигрантлар ҳуқуқини таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорлик кўлами кенгайтирилмоқда. Халқаро миграция ташкилоти билан яқин ҳамкорлик қилиниб, илғор тажрибани ўрганиш мақсадида хорижий ташрифлар амалга оширилмоқда.

Олтинчидан, халқаро ҳамкорликнинг асосий мақсадларидан бири сифатида мигрантларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар тайёрлаш белгилаб олинган.

2022 йил Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, меҳнат мигрантлари ҳуқуқи хорижий мамлакатларда ҳимоя қилингани ҳолатини ўрганиш мақсадида бир неча ташриф амалга оширилди.

2022 йил 14 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ходимлари Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули иштирокида ушбу мамлакатда яшаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларимиз билан учрашув доирасида улардан таълим, соғлиқни сақлаш, иш билан таъминланиш, моддий ёрдам олиш, фуқароликни расмийлаштириш каби масалаларда мурожаатлар қабул қилиб олинди. Ўзбекистонлик фуқароларнинг айрим муаммолари жойида, тезкор ҳал қилинди.

2022 йил 31 октябрь – 2 ноябрь кунлари меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳукуматлараро битимнинг бажарилишини ўрганиш мақсадида мамлакатимиз делегациясининг ушбу қардош юртга ташрифи давомида Остона, Алмати ва Уст-Каменогор шаҳарларида мутасадди давлат идоралари, инсон ҳуқуқи бўйича миллий институтлар ҳамда ноҳукумат ташкилотлар фаолияти ўрганилиб, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ва қозоғистонлик иш берувчилар билан суҳбатлар уюштирилди.

Мазкур ташрифлар давомида муҳожирларимиз ҳуқуқини таъминлаш билан боғлиқ қийинчилик, муаммолар аниқланди.

Биринчидан, давлат томонидан меҳнат мигрантларини хорижга тартибли юборишни ташкил қилиш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан, уларнинг муайян қисми хорижга мустақил чиқиб кетмоқда. Бунинг сабаби шундаки, одатда хориждаги мигрантлар учун квота тизими юқори малака, муайян соҳадаги иш тажрибаси ёки олий маълумот талаб қилади. Шунингдек, иш берувчилар квота тизими бўйича меҳнат мигрантларини ишга ёллаш учун тўланадиган солиқ миқдорини юқори баҳолаб, ишга норасмий ёллашни афзал кўради. Натижада ноқонуний миграция туфайли келиб чиқадиган салбий оқибатлар (одам савдосидан жабрланиш, ноқонуний мигрант сифатида жавобгарликка тортилиш) пайдо бўлади. Айрим иш берувчилар томонидан шартнома шартларини бажармаслик, иш ҳақини кечиктириш ёки тўламаслик ҳолатлари учрайди.

Иккинчидан, жаҳонда юз бераётган уруш ва инқирозлар, давлатлар ўртасидаги ўзаро санкция сиёсати оқибатида иқтисодий ўсиш пасайиши, нарх-наво ошиши, ишсизлик кўлами кенгайиши кузатилиб, бу ҳолат меҳнат мигрантларининг ижтимоий, иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, айрим хорижий давлатларда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий ҳолатига тегишли ва уларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик такомиллаштиришни талаб қилади.

Хулоса ўрнида меҳнат мигрантлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича бир неча йўналишда тадбирлар амалга оширишни таклиф қилиш мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, меҳнат мигрантлари ҳуқуқини қонуний ишга ёлланишига қадар ва кейин ҳам ҳимоя қилиниши кафолатини кучайтиришнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга қаратилган халқаро, минтақавий ва давлатлараро доимий маслаҳатлашув механизмини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Бунда меҳнат миграцияси соҳасидаги қонунчиликни меҳнат мигрантлари ҳуқуқини таъминлаш нуқтаи назаридан уйғунлаштириш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш тамойили устуворлигини назарда тутиш талаб қилинади.

Иккинчидан, меҳнат мигрантларини хорижий давлатда қонуний, тартибли ва назорат остида ишга жойлашуви салмоғини изчил кенгайтириб бориш, бунда хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар ва ишончли хорижий иш берувчилар ягона маълумотлар базасини кенгайтириш ва доимий янгилаб бориш, хорижий мамлакатлар меҳнат бозорида талаб мавжуд бўлган мутахассисларнинг ягона малака стандартини шакллантириш, бунда иш берувчи ва меҳнат мигранти ўртасидаги алоқа механизмини янада такомиллаштириш талаб қилинади.

Ўткир ОЧИЛОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бўлим бошлиғи

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech