ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒ, ХАЛҚ МАНФААТЛАРИ УСТУВОР

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида 2017 йилда бошланган, инсонпарвар ва демократик ҳуқуқий давлат – Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар бугунги кунда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида изчил давом эттирилмоқда. Ислоҳотлар марказида, энг аввало, инсон қадрини юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, халқимизни рози қилишдек олий мақсад мужассам.

2022 йил 20 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатномада ушбу устувор мақсад яна бир бор таъкидланди. Жорий 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” дея ном берилди.

“Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик. Бу сиёсат бир йил билан чекланиб қолмаслиги, доимо бардавом бўлиши барчамизга аён. Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз”, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Халқ – давлат мавжудлигининг бирдан-бир манбаи. Ўз фуқаролари хоҳиш-истакларини амалга ошириш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилувчи давлат қудратли бўлади ҳамда жаҳон миқёсида ҳурмат қозонади.

Мамлакатимиз ўтган йилда 2021 йилга нисбатан ўз ўрнини Қонун устуворлиги индексида – 7 поғона, Инсон тараққиёти индексида – 5 поғона яхшилади. Бу ижобий кўрсаткичлар давлатимизнинг халқаро обрў-эътибори изчил юксалиб бораётганидан далолат беради.

Энг муҳими, амалга оширилаётган инсонпарвар ислоҳотларнинг самараси ва ижобий таъсирини диёримиздаги ҳар бир инсон аввало ўз ҳаётида яқиндан ҳис этмоқда.

Мурожаатномада таъкидланганидек, 2022 йилда 2 миллиондан ортиқ оилага ижтимоий ёрдам кўрсатилиб, бунинг учун 11 триллион сўмга яқин маблағ ажратилган. Шунингдек, охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурилган.

Бу даврда замонавий шарт-шароитларга эга таълим муассасалари, хусусан, мактаблар бунёд этишга катта эътибор қаратилиб, қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилган. Ҳозирги кунда яна 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратиш бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда.

Албатта, бу рақамлар ортида миллионлаб юртдошларимизнинг ечимини топган муаммолари, ушалган орзуларию самимий қувончлари турибди. Зеро, улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достони муқаддимасида қуйидаги мисраларни битганлари бежиз эмас:

Конию ҳайвони, агар худ набот,

Ҳар бири бир гавҳари олий сифот.

Борчасини гарчи латиф айладинг,

Борчадин инсонни шариф айладинг.

Навоий ҳазратлари томонидан жамики мавжудотларнинг шарифи дея улуғланган Инсон қадри бугун Янги Ўзбекистонда тобора юксалиб бормоқда.

Мамлакатимиздаги инсонпарвар ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда инсон ҳуқуқлари соҳасига оид илмий тадқиқотлар салмоғи ва қамрови ҳам ортмоқда. Буни “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририятига тақдим этилаётган илмий-ҳуқуқий мақолалар ҳам яққол тасдиқлайди.

2022 йилда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналида жами 111 та илмий мақола нашр этилган. Шундан 42 та мақола ўзбек, 32 таси инглиз ва 37 таси рус тилида тақдим этилди.

Мамлакатимиздаги етакчи олимлар ва тадқиқотчилар билан бир қаторда, Россия, Қозоғистон, Беларусь каби хорижий давлатларнинг ҳуқуқшунос олимлари ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасига оид долзарб мавзулардаги илмий мақолалари билан журнал саҳифаларини бойитдилар.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини илмий асосда ёритувчи таҳлилий мақолаларни кенг жамоатчиликка етказиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида мавжуд муаммоларни илмий асосда ўрганиш ва уларга назарий ҳамда амалий ечимлар таклиф этилишини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларни рағбатлантириш мақсадида  “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти томонидан “Энг долзарб илмий мақолалар” танлови ўтказилди. Танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, халқаро идентификация рақамини олиш ва яқин истиқболда “Web of science”, “Scopus” каби нуфузли халқаро илмий адабиётлар базаларига аъзо бўлиш мақсадида журнал веб-сайти www.dhrjournal.uz фаолияти йўлга қўйилди.

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти жамоаси эришган бу каби муваффақиятлар юртимизда илм-фан ва таълимни, айниқса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий изланишларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган катта эътибор самарасидир.

Президентимиз Мурожаатномасида эътироф этилганидек, юртимизда инсон қадрини юксалтириш, инсон ҳуқуқлари ва халқ манфаатларини таъминлаш, ҳар бир соҳада адолат ва қонун устуворлигига эришиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш 2023 йилда ҳам давлат сиёсати ва демократик ислоҳотларнинг асосий мақсади бўлиб қолади.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали

бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech