Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари уйи” шаклланиши ва ривожланиши Миллий марказнинг тарихи ва чорак асрлик ривожланиш босқичлари билан чамбарчас боғлиқ.
Бу ўринда, даставвал, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 31 октябрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказини тузиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Миллий марказнинг Ахборот-ҳуқуқ бўлими ҳузурида кутубхона ташкил этилганини қайд этиш лозим.
Ўз навбатида, Президентимизнинг 2018 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан ўша кутубхона – Ахборот-ресурс марказига айлантирилган.
Ва ниҳоят, Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 25 мартда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – «Инсон ҳуқуқлари уйи» ташкил этилди.
Бугунги кунда “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг умумий фондини 10 мингга яқин нусхадан иборат китоб ва журналлар ташкил этади. “Инсон ҳуқуқлари уйи”да инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид адабиётлар очиқ фонди мавжуд.
Бу ўринда турли дарсликлар, ўқув қўлланмалар, диссертациялар, авторефератлар, дунёнинг турли тилларида чоп этилган ҳуқуқий адабиётлар, ўзбек ва жаҳон бадиий адабиётлари, миллий даврий нашрлар ва хориж даврий нашрлари ҳақида сўз бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 1996 йилдан буён шу давргача бўлган фаолияти ҳисоботлари “Инсон ҳуқуқлари уйи”да хронологик тартибда жамланган.
Ҳозирги вақтда “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг ахборот-кутубхона ресурслари, яъни барча турдаги адабиётлар техник ва илмий ишловдан ўтказилиб, универсал ўнли классификация асосида тизимлаштирилмоқда. Бир вақтнинг ўзида тизимлаштирилган ахборот-кутубхона ресурслари рўйхатининг электрон шакли – электрон каталоги яратилмоқда.
Жумладан, ўтган 2022 йил давомида IRBIS дастурига 1050 номда, 2166 нусхада адабиётлар киритилди.
“Инсон ҳуқуқлари уйи” фондини тўлдириш мақсадида 76 номда 214 нусхада сиёсий, ҳуқуқий, бадиий адабиётлар харид қилинди ҳамда 27 номда маҳаллий ва 23 номда хорижда чоп этилган даврий нашрларга обуна ташкил қилинди.
Ташкилотлар ва муаллифлар томонидан Миллий марказнинг “Инсон ҳуқуқлари уйи”га ўтган йили 48 номдаги 134 та адабиёт совға қилинган.
2022 йил 9 июнь куни Тошкент давлат юридик университети ҳамда 20 июнь куни Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шу муносабат билан Миллий марказ томонидан Тошкент давлат юридик университетига – 133 номдаги 217 та ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонасига 67 номдаги 135 та адабиёт ва даврий нашрлар беғараз тақдим этилди.
2022 йил 12 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази ходимлари иштирокида давра суҳбати ўлтказилди. Тадбир доирасида “Билим” ахборот-кутубхона марказига инсон ҳуқуқларига оид 33 номдаги 300 тага яқин адабиётлар туҳфа этилди.
Якунига етган йилда Миллий марказ томонидан Япониянинг Нагоя университетига 47 номдаги 52 та адабиёт беғараз тақдим этилганини ҳам таъкидлаш лозим.
Тошкент давлат юридик университети ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида имзоланган “Китобхонлик маданиятини ошириш тўғрисидаги ҳамкорлик меморандуми”га асосан, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида “Тил ҳафталиги” ўтказилди. Тадбир ғолиблари Миллий марказда нашр этилган 12 номдаги 60 та китоб билан тақдирланди.
Ўтган йилнинг 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” мавзусида Глобал форум доирасида ўтказилган китоблар кўргазмасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан 142 номдаги мингга яқин китоб ва журналлар намойиш этилди. Пировардида Самарқанд шаҳридаги иккита нуфузли кутубхонга тақдим этилган ушбу китобларнинг аксарияти Миллий марказда нашр этилган бўлса, қолган қисми 13 та ташкилот ва муассасалар томонидан беғараз тақдим этилган.
Бугунги кунда Миллий марказнинг “Инсон ҳуқуқлари уйи” Марказий Осиё минтақасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича ягона ихтисослашган кутубхона ҳисобланади. У замонавий компьютерлар билан жиҳозланган, Интернет тармоғига уланган ва Wi-Fi зоналарига эга.
Хулоса ўрнида шуни ҳам айтиш жоизки, “Инсон ҳуқуқлари уйи”, биринчи навбатда, Миллий марказнинг ходимлари, докторантлари, илмий ходимлари ва, албатта, кенг жамоатчилик учун тегишли ахборот-кутубхона хизматларини тақдим этади.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида таъкидлаганларидек, “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”. Маърифатпарвар жадид боболаримизнинг бу сўзлари кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши керак.
Шу маънода, мамлакатимизнинг барча давлат ташкилотлари қатори Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, жумладан, Миллий марказнинг “Инсон ҳуқуқлари уйи” таълим сифатини ошириш, шу жумладан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш юзасидан 2023 йилдаги энг асосий вазифаларини белгилаб олди.
Малика ТОЛИПОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
“Инсон ҳуқуқлари уйи” етакчи мутахассиси
- Қўшилди: 05.01.2023
- Кўришлар: 4897
- Чоп этиш