Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

ЎЗБЕКИСТОНДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН МАЪМУРИЙ ИСЛОҲОТЛАР

ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ ВА ИҚТИСОДИЁТНИ ЯНАДА ЮКСАЛТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Мамлакатимизда ихчам ва самарали давлат бошқарувига ўтиш йўлида бошланган кенг қамровли маъмурий ислоҳотлар хорижда ҳам акс-садосини беряпти. 

Зоҳири ИДРИС,

Малайзия сиёсий ва иқтисодий тадқиқотлар маркази ижрочи директори:

— “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрда эълон қилинган “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони жуда долзарб ва катта аҳамиятга эга бўлган ҳужжат ҳисобланади. 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда самарали фаолият кўрсатадиган бошқарув тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди. Зеро, ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг фаровонлиги давлат бошқарувининг халқчиллигига боғлиқ. Шу маънода, давлат бошқаруви тизими ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадор бўлишини таъминлаш ҳамиша даврнинг талаби бўлиб келган.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимини жорий этиш, “қўл бошқаруви”дан аниқ натижа учун ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш бюрократик тўсиқларни қисқартириш, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яхшилаш, умуман олганда, инсон манфаатлари йўлида хизмат қилажагига аминмиз.

Бунга рақамлаштиришнинг давлат бошқаруви тизимида муҳим роль ўйнашига имкон бериш орқалигина эришиш мумкин. Биз тўртинчи саноат инқилоби “Индустрия 4.0”га ўтаётганимиз сабабли давлат бошқаруви ҳам сўнгги тенденцияга — рақамлаштиришдан фойдаланишга мос бўлиши керак.

Давлат органларининг фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш хизмат самарадорлигини ошириши баробарида инсоннинг хатога йўл қўйиши ҳолларини минималлаштиради.

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган давлат бошқарувидаги тизимли ислоҳотлар, албатта, яқин орада ўзининг ижобий натижаларини кўрсатади. Шу тариқа мутасаддиларнинг халқ олдидаги масъулияти ва жавобгарлиги янада ошади.

Мамлакатда 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилгани ҳам бежиз эмас, деб ўйлайман. Бу жорий йилда ҳам ҳукумат инсонни қадрлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, сифатли таълим ва тарбия бериш бўйича бошлаган ишларни изчил давом эттириш ниятида собит эканлигини англатади. Ушбу жиҳат катта эътиборга лойиқ.

Шунингдек, ижтимоий соҳада аҳоли бандлигини ошириш ва турмуш даражасини яхшилаш, ҳудудларда таълим ва тиббиёт масканлари, ичимлик сув тармоқлари ва йўллар қуриш, иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш, бизнес учун шароитларни яхшилаш, транспорт соҳасида йўловчи ташиш хизматларини такомиллаштириш, барча йўлларнинг рақамли харитасини ишлаб чиқиш, туризм, маданият ва спортни ривожлантириш бўйича улкан вазифалар белгилаб олинган.

2022 йилнинг 3-4 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон манфаати, тадбиркорлик ва яшил иқтисодиётни ислоҳотларнинг мазмунига айлантириш” мавзусига бағишлаб ўтказилган II Ўзбек иқтисодий форумида иштирок этдим. Тадбир давомида Ўзбекистон вакилларига иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришлар бўйича қатор таклифларимни тақдим этдим.

Аминманки, ҳамма амалга оширилаётган ва ошириладиган ишлар Ўзбекистон халқининг фаровонлиги ва мамлакат иқтисодиётини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Шабир Аҳмад Хон,

Пешовар университети ҳузуридаги Минтақавий тадқиқотлар маркази директори (Покистон):

— Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари бўйича эксперт сифатида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни доимий равишда кузатиб, таҳлил қилиб бораман.

2022 йил 20 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган  Мурожаатномасида 2023 йилдаги устувор йўналишлардан бири сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизими шакллантирилишини маълум қилди.

Кўп ўтмай ушбу ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилишига гувоҳ бўлдик. 2022 йил 21 декабрь куни давлатингиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Унга кўра, вазирлик ва идоралар сони қисқартирилди, ҳукумат иш услуби бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта ташкил этилди.

Шунингдек, янги ҳукуматнинг ваколат доираси кенгайтирилди, аниқ вазифалари белгилаб берилди, ўз соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича масъулияти янада оширилди.

Мазкур ислоҳотнинг яна бир муҳим жиҳати — вазирликлар фаолиятини жадаллаштиради, турли бюрократик тўсиқ ва ортиқча қоғозбозликдан қутулишга ёрдам беради. Ҳар бир вазирнинг сиёсий-маъмурий масъулияти оширилиб, улар томонидан ҳукумат қарорлари лойиҳалари бевосита ишлаб чиқиладиган тизим яратилди. Бу мамлакатдаги долзарб муаммоларга ўз вақтида ва сифатли ечим топишни таъминлайди.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Президент Шавкат Мирзиёев ҳозирги замоннинг шижоатли раҳбари, ўз Ватани тараққиёти учун жафокаш етакчи сифатида нафақат мамлакатда, балки дунё миқёсида муносиб баҳоланмоқда.

Правеш Гупта,

“Вивекананда халқаро фонди” тадқиқот марказининг катта илмий ходими (Ҳиндистон):

— Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муҳит ҳар томонлама барқарорлик касб этди. Давлат раҳбари томонидан таклиф этилган “Янги Ўзбекистон” концепцияси бутун дунё ҳамжамиятининг кўз ўнгида изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Нафақат минтақада, шунингдек, халқаро миқёсда ҳам Ўзбекистонга ҳар доимгидан кўпроқ эътибор қаратилмоқда, мамлакатдаги тизимли ислоҳотларга қизиқиш ортяпти. Турли глобал ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича мамлакатнинг рейтинги йил сайин яхшиланмоқда.

Ўзбекистон Президенти ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган  Мурожаатномасида мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнини давом эттириш бўйича энг долзарб йўналишларни белгилаб берар экан, давлат бошқаруви тизимига аниқ ўзгартиришлар киритилишини ҳам маълум қилди.

Жорий йилнинг 1 январидан эътиборан кучга кирган Президент фармонига кўра, вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилди. Бир вақтнинг ўзида қатор давлат муассасаларининг фаолияти тугатилди.

Янги тизимга кўра, хусусий секторга берилган давлат функциялари сони камида уч баробар оширилмоқда. Иш жараёнига замонавий, инновация технологияларини жорий қилиш янада фаоллаштирилаётир. Ана шундай ўзгаришлар асносида вазирликлар ўртасидаги ҳамкорлик осон кечади, бу эса Ўзбекистон ҳукуматининг иш механизмини такомиллаштириш ва жадаллаштиришга кўмаклашади.

Аминманки, бундай чора-тадбирлар Ўзбекистонда ҳукумат фаолиятида шаффофликни, ҳисобдорлик ва самарадорликни ошириш учун замин яратади. Энг муҳими, буларнинг барчаси мамлакат ҳукумати ва аҳолиси ўртасидаги мулоқот кўламларини кенгайтиришга ҳамда ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Келгуси йилларда бу ўзгаришлар самараси мамлакат иқтисодиётидаги ижобий ўзгаришларда ҳам яққол намоён бўлади.

Ўйлайманки, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги мазкур муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда самарали фаолият юритувчи, халқни рози қиладиган давлат идораларини шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларида муҳим қадамдир.

Шерадил Бактигулов,

 давлат тузилиши масалалари бўйича эксперт, сиёсатшунос (Қирғизистон):

— Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида кенг қамровли давлат бошқаруви ислоҳотлари ҳақида алоҳида тўхталди. Ўзбекистон раҳбари вазирлик ва идоралар сони икки баробарга қисқаришини билдирди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ушбу ислоҳотлар давлат раҳбарининг фармони билан ўз тасдиғини топди.

Таъкидлаш жоизки, бу ислоҳот Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил декабрда илгари сурган сиёсий йўлига ҳамоҳанг. Ўша даврда Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб берилган эди. Булар қаторида қўшни давлатлар билан мустаҳкам дўстлик муносабатлари ўрнатиш, яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан алоқаларни кенгайтириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва давлат бошқарувида босқичма-босқич ислоҳотлар олиб бориш эълон қилинганини эслатиб ўтиш ўринлидир.

Ушбу ислоҳотларнинг асосий мақсади этиб ҳокимият вакилларининг халқ билан муносабатини тубдан ўзгартириш кўзда тутилди.

Ўзбекистондаги маъмурий ислоҳотлар минтақа экспертлари томонидан мамлакатнинг ўз олдига қўйган улкан мақсадларига эришишдаги оқилона қарори сифатида қўллаб-қувватланишига аминмиз.

“Дунё” АА

"Халқ сўзи" газетаси

"Янги Ўзбекистон" газетаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech