Ҳиндистонда чиқадиган журналнинг Ўзбекистондаги ислоҳотларга бағишланган сонида академик Акмал Саидов мақоласи чоп этилди

ДЕҲЛИ, 7 январь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистондаги етакчи босма нашрлардан бири - «Business Central Asia» журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси саъй-ҳаракатлари билан  амалга оширилган ушбу медиа-лойиҳада мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий ва сайёҳлик соҳаларида олиб бораётган ислоҳотлари ва уларнинг самалари,  шунингдек, ўзбек-ҳинд муносабатларига оид хабар-мақолалар ўз ифодасини топган.

Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳиндистон – Марказий Осиё» биринчи саммитидаги нутқининг тўлиқ матни махсус соннинг дастлабки саҳифаларидан жой олган. Унда давлатларимиз ва минтақаларимиз ўртасидаги алоқаларнинг энг устувор йўналишлари ва уларни мустаҳкамлаш бўйича амалий таклифлар баён этилган.

«Президент Мурожаатномаси – 2023 йилнинг ҳаракатлар траекторияси сифатида» сарлавҳа остида босилган таҳлилий мақолада давлатимиз раҳбарининг  2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатномасининг асосий жиҳатлари ўз аксини топган. «2022 йил якунлари сарҳисоб қилинган Мурожаатномада 2023 йилда олиб бориладиган сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаб берилди. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда  2023 йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб эълон қилди», деб ёзади муаллиф.

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акромжон Неъматов ва Ҳиндистоннинг «Вивекананда халқаро фонди» тадқиқот маркази катта илмий ходими Правеш Гупта муаллифлигида тайёрланган навбатдаги таҳлилий мақолада Ўзбекистоннинг 2022 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислиги даври якунлари ҳамда сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ давлат раҳбарлари саммитининг тарихий аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазалар қаламга олинган.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатовнинг «Ўзбекистон ва Ҳиндистон: яқин дўстлик ва мустаҳкам шериклик» сарлавҳали мақоласида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг янги тарихи, устувор йўналишлари, жорий ҳолати ва истиқболлари хусусида фикр юритилган.  

Шунингдек, ушбу махсус сонда мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга бағишланган мақола ҳам чоп этилган.  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов қаламига мансуб мазкур материалда ушбу муҳим сиёсий жараёнларда жамоатчилик иштироки бўйича миллий ва халқаро тажриба хусусидаги маълумотлар ўрин олган.

Бундан ташқари, «Business Central Asia» журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони саҳифаларида мамлакатимизнинг бой маданий мероси ва туризм салоҳияти ҳақидаги қизиқарли мақолалар ҳам ўқувчиларга ҳавола этилган.

Хусусан, Париждаги Лувр музейида 2022 йилнинг 23 ноябрида очилган Ўзбекистоннинг бой маданий меросига доир «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси ҳақидаги маълумотлар ҳам журнал саҳифаларидан ўрин олган.  Шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги имкониятлари, хусусан, Самарқанд шаҳридаги мавжуд салоҳият, республикамиз ҳудудидаги буддавийликка оид тарихий обидалар ҳақидаги қизиқарли хабар-мақолалар ҳам журналхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

Ўқувчилар Ўзбекистон Президентининг махсус қарори билан жорий йилда таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонланиши режалаштирилган буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний илмий мероси тўғрисидаги батафсил маълумотлар билан ҳам танишишлари мумкин.

Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим даргоҳларидан бири бўлган Жавоҳарлал Неру университети олимлари томонидан тайёрланган илмий мақолаларда мамлакатларимиз ўртасидаги умумий тарих ва маданий мерос, хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарининг Ҳиндистон ўлкашунослигидаги амалий аҳамияти ҳақида фикр юритилади.

Махсус сонда Ҳиндистон давлат арбоблари, илм-фан, таълим соҳалари етакчи вакиллари томонидан Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида дипломатия алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан йўлланган қутловномалар ҳам чоп этилган.

Маълумот учун: «Business Central Asia» журнали Ҳиндистондаги иқтисодий мавзудаги хабар-мақолаларни чоп этишга ихтисослашган етакчи ойлик нашр ҳисобланади. Ҳиндистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларини ёритадиган ушбу журнал давлат муассасалари, Деҳли шаҳридаги халқаро ташкилотлар ва элчихоналар, Ҳиндистоннинг илм-фан ва ишбилармон доиралари вакиллари орасида тарқатилади.      

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech