Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Т.Хатори билан учрашди.
Мулоқот аввалида А.Саидов Т.Хаторини мамлакатимизга элчи этиб тайинлангани билан самимий қутлаб, масъулиятли ва шарафли дипломатик миссияни амалга оширишида унга муваффақиятлар тилади.
Учрашувда юқори мартабали меҳмонга Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг асосий вазифалари ҳамда Конституциявий ислоҳотлар юзасидан атрофлича маълумот берилди. Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, ҳалқпарвар давлатни барпо этиш, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва манфаатларини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш зарурати ҳақида тўхталди.
Ўз навбатида, Т.Хатори Қонунчилик палатасининг раҳбариятига учрашув учун ўз миннатдорлигини билдирган ҳолда давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, унинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳалардаги барқарор ривожланишида парламентнинг фаолияти катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
Сўзининг давомида Т.Хатори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва ташаббуслари натижасида мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва нуфузи янада юқори даражага кўтарилишига хизмат қилаётганлигини юксак баҳолади.
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга амалга оширган расмий ташрифи давлатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг янада ривожланишига катта пойдевор яратди. Ўйлайманки, бу анъанавий ва барқарор ҳамкорлик янада бардавом бўлади ва мен, элчи сифатида бу учун барча саъй-харакатларимни амалга ошираман, — деди Т.Хатори.
Суҳбат якунида томонлар икки мамлакатнинг нафақат парламентлараро, балки бошқа соҳа ва йўналишларнинг ривожланиши борасида ўзаро фикр алмашинувлари орқали тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти
- Қўшилди: 07.01.2023
- Кўришлар: 4851
- Чоп этиш