Ота-онаси хорижга 3 ойдан ортиқ кетадиган болаларга васий ёки ҳомийлар тайинланади

2023 йил 13 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда шу ҳақда сўз борди. Тадбирда Адлия вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева хотин-қизлар, болалар ва кекса ёшдаги ота-оналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси мазмун-моҳияти юзасидан маълумот берди.

Қонун лойиҳасига асосан, вояга етмаганларга жинсий тажовуз қилганлар амнистияга тушмайди. Уларнинг таълим ва тиббиёт муассасаларида ишлаши тақиқланади.

Шунингдек, бировнинг шахсий фото-видео ва ёзишмаларини тарқатиш билан шантаж қилганлар жиноий жавобгарликка тортилади.

Хотин-қизлар, болалар ва кекса ёшдаги ота-оналарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мазкур қонун лойиҳасига кўра, 18 ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига тегиш, унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, фоҳишаликка жалб қилиш, вояга етмаган шахс тавсифланган порнографик маҳсулотни тайёрлаш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, уларга нисбатан:

  • жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланмайди;
  • аёлни ҳомиласини сунъий туширишга мажбурлаш, номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш, 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш учун жазо оғирлаштирилмоқда;
  • шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик, яъни интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда;
  • жамоат жойларида шахсга шилқимлик қилиш: унинг қадди-қоматини шаҳвоний мазмунда тасвирлаш, шу мазмундаги сўзлар билан чақириш, изоҳлаш, қиёслаш, шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади;
  • шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, эркинлиги, шаъни ва қадр қимматига, Ўзбекистон Республикасига, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятлар учун илгари ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганларга хизмат кўрсатиладиган таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида ишлаши тақиқланмоқда.

 Шу билан бирга, 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган айрим жиноятлар учун жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари қўлланмаслиги назарда тутилган.

Қонун лойиҳасининг янада муҳим жиҳатларига тўхталганда, биринчидан, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тоифаси аниқлаштирилиб, уларнинг ҳуқуқлари кафолатлари ва уларга нисбатан давлат ҳимояси кучайтирилаётганини таъкидлаш лозим. Шунингдек, 3 ойдан ортиқ муддатга ота-онаси хорижий давлатга кетаётган болаларга нисбатан васий ёки ҳомий тайинланиши тартиби жорий этилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда вояга етмаган, меҳнатга лаёқатсиз шахслар ва ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан “ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий жалб қилиш” тарзидаги янги жазо тури назарда тутилмоқда.

Алимент бўйича мажбуриятларга эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилмаслиги белгиланмоқда.

Мазкур лойиҳада АҚШ, Буюк Британия, Канада, Германия, Бельгия, Португалия, Сингапур каби хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганган ҳолда, болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олиш чоралари самарадорлигини ошириш, оила институтини мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга қаратилган бир қатор янги таклифлар илгари сурилмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech