Асосий мақсад – инсонни қадрлаш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида: инсон қадри, инсонни эъзозлаш – эътиборимиздаги энг асосий масала”, деб алоҳида таъкидланди. Бинобарин, фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқларини таъминлаш орқали инсонни қадрлаш ва эъзозлашнинг муҳим омилларидан биридир.

Ўтган йили дунёнинг 1.2 млрд. аҳоли яшайдиган 74 та ривожланаётган мамлакатидаги инқироз  оқибатида инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ аҳвол кескин ёмонлашди. Шундай мураккаб ва синовли даврда бу борада Ўзбекистон учун муҳим бўлган қатор тадбирлар амалга оширилгани ва улар ўз самарасини бергани диққатга лойиқдир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 2022 йил якунлари юзасидан яқинда матбуот саҳифаларида эълон қилинган интервьюсида ана шу амалий тадбирларнинг моҳияти ва аҳамиятига атрофлича тўхталди. Хусусан, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнига янги механизмлар татбиқ этилгани – энг асосий таъсирчан чоралардан бири сифатида эътироф этилди.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнига янги ва илғор механизмлар изчил татбиқ этилмоқда. Натижада қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларимизни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, қийноқларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш каби турли йўналишларда ижобий самараларга эришилмоқда.

Конституциямизнинг 35-моддасида: “Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир”, деган қоида белгилаб қўйилган. Ушбу конституциявий норма асосида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарали йўлга қўйилган.

Бунда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларда кўтарилган муаммоларни қонун доирасида ҳал этиш чоралари таъминланишига  алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айрим ҳаётий мисолларга тўхталамиз.

Биринчи мисол: Фуқаро Азиза Пўлатова 2022 йил 5 сентябрь куни Миллий марказга ариза билан мурожаат қилиб:

  • турмуш ўртоғи билан тузилган қонуний никоҳ бекор қилинганини;
  • қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини;
  • 2021 йилда И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетини имтиёзли равишда тамомлаганини;
  • иш билан таъминланиш мақсадида мутасадди ташкилотлар раҳбарларига бир неча маротаба мурожаат этганини;
  • Бекобод тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан мурожаатчига ишсизлик нафақаси тайинланганини;
  • бироқ хозирда ушбу нафақа тўхтатиб қўйилганини билдириб, ишга жойлашиш масаласида амалий ёрдам сўраган.

Муаллифнинг мурожаати кўриб чиқиш учун 2022 йил 7 сентябрь куни  Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юборилган.

Ўрганишлар натижаларига кўра, Тошкент вилояти, Бекобод тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан фуқаро А.Пўлатовага Ёшлар ишлар агентлиги Бекобод тумани бўлими ёшлар етакчиси вазифаси тавсия қилинган ва барча керакли бўлган ҳужжатлар расмийлаштирилиши  тушунтирилган.

Мурожаат ижобий ҳал қилинган.

Иккинчи мисол: 2022 йил 31 октябрь куни фуқаро Шавкат Бекмирзаев ариза орқали мурожаат қилиб, Зангиота тумани ҳудудида жойлашган “Тариқ-Тешар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси И.Халилов ва бошқаларнинг ҳаракатларидан норозилик билдирган.

Ушбу мурожаат жорий йилнинг 1 ноябрь куни Тошкент вилояти прокуратурасига кўриб чиқиш учун юборилган. Текшириш давомида 2022 йил 23 июль куни “Тариқ-Тешар” маҳала фуқаролар йиғини раиси И.Халилов ва икки нафар кадастр ходими фуқаро Ш.Бекмирзаевнинг ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонидаги  ноқонуний қурилмани бузишни айтган вақтида фуқаро Ш.Бекмирзаев улар билан жанжаллашиб қолгани, ўша куни И.Халилов қариндошлари билан мурожаатчининг уйига келиб, унга тан жароҳат етказгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Шу асосда 2022 йил 23 август куни Жиноят процессуал кодексининг 84-моддаси 1-қисми  6-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Мазкур қарор асоссиз бўлгани сабабли 2022 йил 12 октябрь куни бекор қилиниб, 2022 йил 11 ноябрда айни ҳолат юзасидан Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки терговга киришилган.

        Шу тариқа фуқаро Ш.Бекмирзаевнинг мурожаати қаноатлантирилган.

Учинчи мисол: Қашқадарё вилояти, Кўкдала туманида яшовчи фуқаро Сарвиноз Қурбонованинг 2022 йил 6 декабрдаги суд қарори бўйича алимент пуллари ундирилмаётгани ҳақидаги мурожаати атрофлича кўриб чиқиш учун 2022 йил 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилоят бошқармасига юборилган.

 Аниқланишича, суднинг айни низо билан боғлиқ иккита ижро ҳужжати  Мажбурий ижро бюроси Кўкдала туман бўлими иш юритувига келиб тушган.

Булардан бири – фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туман судининг 2022 йил 9 июндаги қарздор А.Нормуродов ҳисобидан ундирувчи С.Қурбонова фойдасига тўрт нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ½ қисм миқдорида  алимент ундириш ҳақидаги қарори;

иккинчиси – шу суднинг 2022 йил 1 июлдаги қарздор А.Нормуродовдан ундирувчи С.Қурбонова фойдасига 2021 йил 21 май куни туғилган Ш.Нормуродованинг уч ёшга тўлгунга қадар 2022 йил 31 майдан бошлаб ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашни энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаган миқдорда таъминот ундириш ҳақидаги қароридир. 

Шу асосда қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган.

Миллий марказ раҳбарияти аралашуви билан мурожаатни ўрганиш давомида қарздор А.Нормуродовнинг алиментдан бўлган 4 млн. 678 сўм миқдоридаги қарздорлиги 2022 йил 21 декабрь куни давлат ижрочилари томонидан тўлиқ ундирилиши таъминланган.

Хулоса қилиб айтганда, инсон, унинг қадри, ҳуқуқлари ва эркинликлари – олий қадриятдир. Бу тамойил ҳар бир корхона, ташкилот, муассаса ўз фаолиятини инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга йўналтириши зарурлигини англатади.

Президентимиз таъкидлаганларидек, давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши керак.

 

Фарида ХАКБЕРДИЕВА,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими

бош мутахассиси

«Ishonch» газетасининг 2023 йил 26 январь кунги 12-сон

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech