Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

СИНГАПУР БИЛАН ЎЗАРО АЛОҚАЛАРНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

ИККИ ДАВЛАТ МУНОСАБАТЛАРИНИНГ САМАРАЛИ РАВНАҚИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи ва олий даражадаги музокаралар чоғида эришилган келишувлар халқаро ҳамжамиятда ўз акс садосини бермоқда.

Хусусан, халқаро экспертлар ва таҳлил доиралари вакиллари ушбу давлат ташрифини Ўзбекистоннинг яқин ва узоқдаги хорижий шериклар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва кенгайтириш истагини тасдиқлашини, шунингдек, Марказий Осиёнинг дунёдаги бошқа минтақалар билан ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаши бўйича расмий Тошкент юритаётган сиёсатни тўла акс эттиришини таъкидламоқда.

Ҳикмет ЭРЕН,

“EkoAvrasya” Евроосиё иқтисодий алоқалар ассоциацияси бошқарувининг раиси (Туркия):

— Савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда сезиларли муваффақиятларга эришган Ўзбекистон — Сингапур муносабатлари ривожини катта қизиқиш билан кузатиб бораман.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг прагматик иқтисодий сиёсати туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон билан Сингапур ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробар кўпайди. Республикада хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар Сингапур капитали иштирокидаги корхоналар сонининг 4 баробар ошишига хизмат қилди. Бундан ташқари, Сингапурдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган тўғридан-тўғри инвестицияларнинг ҳажми 700 миллион АҚШ долларидан ошди.

Ўзбекистон Президентининг Сингапур билан яқин келажакдаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб бергани Осиё-Тинч океани минтақаси иқтисодий маркази билан ўзаро муносабатларни самарали ривожлантиришга хизмат қилади.

Сингапур инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича юксак натижаларга эришган. Шу нуқтаи назардан, Сингапур томони билан менежмент, шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида давлат хизматчиларини тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилиши, шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти томонидан бошланган маъмурий ислоҳотларнинг натижадорлигига ҳисса қўшади.

Ишончим комилки, устав капитали 500 миллион АҚШ доллари бўлган Ўзбекистон — Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги битим инвестиция ва ўзаро савдони кенгайтиришга, шунингдек, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишга  кўмаклашади.

Рой Энтони РОЖЕРС,

Малая университетининг халқаро ва стратегик тадқиқотлар кафедраси мудири (Малайзия):

— Ушбу давлатга ташриф ўз вақтида амалга оширилган ва катта аҳамият касб этган воқеа бўлди.

Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб ва Бош вазир Ли Сянь Лун билан бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар ўзаро ҳамкорликни устувор йўналишларда янада ривожлантириш ва кенгатиришдан томонларнинг манфаатлари муштарак эканини яққол намоён этди.

Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида электроника, кимё саноати, биотехнология, банк иши, логистика, транспорт инжиниринги ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштириш учун катта имкониятлар мавжуд. Буни статистика маълумотлари ҳам тасдиқлайди — сўнгги йиллар давомида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошди. Ўзбекистонда Сингапур капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 4 баробарга кўпайди.

Сингапурнинг нафақат Жануби-Шарқий Осиё ёки Осиё-Тинч океани минтақасидаги, балки бутун дунёда тутган ўрнини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон томонидан яқин келажакда ушбу давлат билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари белгилаб олиниши аниқ натижаларга эришиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эгадир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи якунлари икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очади.

“Дунё” АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech