Акмал Саидов минтақавий халқаро-ҳуқуқий форумда иштирок этди

2023 йил 26 январь куни Москва шаҳрида ўз ишини бошлаган Биринчи Марказий Осиё халқаро-ҳуқуқий форумида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Cпикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов онлайн иштирок этди.

Форум арафасида, 25 январь куни Парламентлараро Иттифоқ вице-президенти, академик А.Саидов ўзининг очиқ маърузасини тақдим этди. Ушбу маъруза “Халқаро парламент ҳуқуқи – ҳозирги замон халқаро ҳуқуқининг шаклланаётган соҳаси” мавзусига бағишланди.

Биринчи Марказий Осиё халқаро-ҳуқуқий форуми Россиянинг иккита етакчи олий ўқув юрти томонидан ташкил этилди. Булар – О.Е.Кутафин номидаги Москва давлат юридик университети ва Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети) ҳисобланади.

Халқаро-ҳуқуқий анжуманнинг 26 январдаги ялпи мажлиси дастлабки сессиясида Марказий Осиёда халқаро-ҳуқуқий сиёсат масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, А.Саидовнинг “Ўзбекистоннинг халқаро-ҳуқуқий сиёсати” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Икки кунлик Форум доирасида, шунингдек, “Марказий Осиёдаги халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик”, “Минтақа давлатларининг ҳуқуқий тизимлари: анъана ва ислоҳотлар” мавзуларида маърузалар тақдим этилади.

Бундан ташқари, Каспий денгизининг халқаро-ҳуқуқий режими ва трансчегаравий сув ресурслари, Марказий Осиёдаги давлатлар чегаралари, минтақавий ва глобал хавфсизлик тизими, минтақа мамлакатларининг конституциявий-ҳуқуқий тизимлари, иқтисодий соҳадаги минтақавий ҳамкорликнинг ҳуқуқий жиҳатлари, минтақа мамлакатларида тадбиркорлик ҳуқуқи ва жиноят ҳуқуқини ривожлантириш истиқболлари, миграция соҳасидаги ҳуқуқий муаммолар каби мавзулар ҳам кўриб чиқилади.

Илмий мунозараларда Ўзбекистондан Абдуманноп Тўлаганов, Лавиза Исхакова, Луқмонжон Исҳоқов каби ўндан ортиқ ҳуқуқшунос олим иштирок этади. Халқаро-ҳуқуқий анжуман ишида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия, Хитой, Озарбайжон илмий доиралари вакиллари ҳам қатнашмоқда.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech