Жорий йилнинг 26 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори в.б. Рита Консуэло Фатима Видал Брюсни қабул қилди.
Суҳбат аввалида А.Саидов Консуэло Видал Брюсни шарафли ва масъулиятли лавозимга тайинлангани муносабати билан табриклади.
Мулоқот давомида меҳмонга Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти, қўмиталар, комиссиялар ва депутатларнинг асосий вазифалари, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ўз навбатида, Доимий координатор в.б. учрашув учун ўз миннатдорлигини билдирган ҳолда давлат ички ва ташқи сиёсати, унинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳалардаги барқарор ривожланишида парламент фаолияти катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
Унинг фикрича, Ўзбекистон ва БМТ билан ҳамкорлиги сўнгги йилларда мутлақо янги даражага кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, 2020 йил 25 сентябрда видеоконференция шаклида ташкил этилган 75-юбилей сессиясида, шунингдек, 2021 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида онлайн форматда ва Бош Ассамблеянинг 76-сессиясида маъруза қилди. Уларда Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризмни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳаларга тааллуқли ташаббуслар билан чиқди.
Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги саъй-ҳаракатларининг халқаро эътирофи БМТ Бош Ассамблеясида қатор резолюциялар қабул қилинишида яққол намоён бўлди. Жумладан, 2022 йилнинг 14 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан қабул қилинди.
Консуэло Видал Брюс БМТ давлатларни парламентларни қўллаб-қувватлашга, уларни БРМга эришиш бўйича келгуси фаолият ва уларнинг эришилишини кузатиш жараёнларига, айниқса, ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлашга жалб қилиш, шунингдек, миллий масъулият ва ҳисобдорликни таъминлаш ва кучайтириш учун уларга ёрдам беришга чақирганини маълум қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон барқарор ривожланиш соҳасида БМТ билан яқин ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, БМТнинг 2030 йилгача кун тартибида бўлган масалаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2030 йилгача даврни қамраб олган барқарор тараққиёт соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар қабул қилингани, ушбу мақсад ва вазифаларнинг имплементацияси бўйича “Йўл харитаси” қабул қилингани ҳамда Парламент комиссияси тузилгани эътироф этилди.
Учрашувда меҳмон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари сари 2021-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон учун дастури асосида яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган ҳолда, юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олдилар.
- Қўшилди: 30.01.2023
- Кўришлар: 4977
- Чоп этиш