ОДИЛ СУДЛОВ фуқаролар конституциявий ҳуқуқ, ва эркинликларининг ишончли ҳимоясига хизмат қилади

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли химоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозимлигини қайд этди. Ушбу ташаббус замирида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича амалдаги тизим самарасини ошириш мақсади мужассам.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида мамлакатимизда мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Албатта, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш ҳуқуқининг самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

2021 йил 27 апрелда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонун қабул қилингани бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтирди, десак, муболаға эмас. Ушбу қонунда Конституциявий суднинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги роли оширилди, фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида уларнинг Конституциявий суд муҳокамасига бевосита масала киритиш ҳуқуқи қонунда мустаҳкамлаб қўйилди.

Конституциявий суднинг ўтган йилдаги иш фаолияти якунларига кўра, айтиш мумкинки, асосий эътибор қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини ўрганиш ҳамда таҳлилдан ўтказиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда иш режасида белгиланган ташкилий-маърифий тадбирларни бажаришга қаратилди. Чунончи, ҳисобот даврида Конституциявий суд томонидан жами 979 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мамлакатимиз Бош қомусига мослиги ўрганиб чиқилди.

Конституциявий судга ўтган йили жами 1 минг 376 та мурожаат келиб тушган бўлса, улар Конституциявий суд судьялари томонидан ўрганиб чиқилиб, муаллифларга асослантирилган тушунтиришлар берилди. Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларини бевосита қабул қилиш мақсадида “Фуқароларнинг онлайн қабули” портали ишга туширилгани айни муддао бўлди.

Ўтган йили аҳолидан келиб тушган 12 та мурожаат Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқилган. Суд жараёнида тегишли қонун нормалари Конституцияга мувофиқ, деб топилган бўлсада, ҳуқуқни қўллаш амалиётида айрим муаммолар ва камчиликлар аниқланди. Мазкур масала юзасидан қабул қилинган Конституциявий суднинг қарорида тегишли давлат органларига қонунни қўллаш ҳамда суд амалиётида йўл қўйилган айрим камчиликларга эътибор қаратиб, уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, Конституциявий суд вакиллари аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда суд фаолиятига оид ахборотларни кенг оммага етказиш мақсадида мунтазам равишда ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб борди.

Албатта, эришилган ютуқлар кўп, аммо келгусида қилиниши керак бўлган чора-тадбирларимиз ҳам кам эмас. Шу боис Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, амалга ошириладиган тадбирлар белгилаб олинди. Бунда Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш, суднинг очиқлиги ҳамда Конституциянинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш кўзда тутилмоқда. Конституциявий қонун мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишларини давом эттириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш амалиётини таҳлил этиш ҳамда хорижий тажриба асосида мурожаатлар билан ишлаш янада такомиллаштирилади.

Шунингдек, ахборот воситалари билан ҳамкорликда Конституциявий судга мурожаат қилиш тартибларини аҳолига тушунтириш билан бирга Адвокатлар палатаси кўмагида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган семинар ҳамда давра суҳбатларини ташкил этиш режалаштирилган.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолиятини такомиллаштириш мамлакатимизда конституциявий одил судловнинг самарадорлигини ошириш, Конституция ва қонун устуворлиги принципини таъминлашга ва пировардида Тараққиёт стратегиясининг устувор мақсадларидан бири — одил судловга эришиш фуқаролар конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясига хизмат қилади.

Асқар ҒАФУРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech