Яқинда Нидерландияда поёнига етган “Tata Steel Chess” халқаро турнири якунларига бағишланган тантанали тадбирда машҳур шахматчиларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров йилнинг энг яхши шахмат мамлакатига топшириладиган “Олтин минора” (Tour Dʼor) совринини қабул қилиб олдилар. Ушбу соврин тимсолида Ўзбекистон дунё миқёсида йилнинг энг яхши шахмат мамлакати, дея тан олинди.
Юртимиз шахматчиларининг сўнгги йилларда халқаро ареналарда эришаётган бемисл ғалабалари ана шундай шов-шувли ҳавас ва эътирофлар марказида турибди. Бу, бир томондан, эндигина бошланган 2023 йил янги ғалабаларга бой бўлишининг эзгу дараги бўлса, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг 2026 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига бўлажак мезбонлигига муносиб пойдевор тикланаётганидан далолат ҳамдир.
Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси тарихига назар солинса, илк шахмат олимпиадаси – жамоалар ўртасида жаҳон чемпионати 1927 йилда Лондонда ўтказилган. Ўшанда 16 жамоа қатнашган мусобақада венгрияликлар ғолиб чиққан.
Иккинчи жаҳон уруши даврида бир муддат тўхтаб қолган ва 1950 йилда қайта тикланган шахмат олимпиадаси бугун мазкур спорт турининг нуфузли мусобақаси ҳисобланади. Ҳар икки йилда ўтадиган олимпиадада иштирок этиш учун ҳар қайси давлатнинг тўрт нафардан асосий, икки нафардан захирадаги шахматчиси ташриф буюради.
Бунда рақиблар ўртасида яккама-якка курашларнинг якуний натижаларига кўра ғолиб жамоа аниқланади. Якунда умумий рейтингга кўра олимпиада ғолиблари маълум бўлади ва уларнинг ҳар бирига олтин медаллар тақдим этилади.
Бутунжаҳон шахмат федерациясига (FIDE) конгресси делегатлари 2026 йилда Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Ўзбекистонда ўтказилишини бир овоздан маъқуллаганлари бежиз эмас. Бу эътироф замирида сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари қатори спорт, жумладан, шахматни ривожлантиришга улкан эътибор қаратилаётганига бўлган юксак ишонч мужассамдир.
Юртимизда шахмат соҳасида изма-из қўлга киритилаётган ютуқларнинг Конституцияга, янада аниқ қилиб айтганда, конституциявий ислоҳотларга боғлиқлиги ҳам айни шу омил билан изоҳланади. Бинобарин, 2022 йил 1 августигача умумхалқ муҳокамасидан ўтказилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасига кўра, Асосий қонунимиз қуйидаги янги нормани ўзида мужассам этган 42-1-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Яъни: «Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, болалар ҳамда ёшларни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратади».
Бундай норма, биринчидан, амалдаги Конституцияда мавжуд эмас. Иккинчидан, мазкур янги модда Бош Қомусимизга “осмондан олиб”, янада тушунарли қилиб айтганда, йўқ жойдан таклиф этилмаяпти. Бу мамлакатимизда шахматни, умуман, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш йўлида кейинги йилларда амалга оширилган қамровдор янгиланишларнинг конституциявий асосини мустаҳкамлаш истаги ҳосиласидир.
Шу ўринда Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 5 август куни қабул қилинган “Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни соҳадаги шароит ва имкониятлар кўламининг янада кенгайишида муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро, мазкур қарор Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида тафаккур ўйини – том маънодаги шахмат мамлакатига айланишига қаратилган.
Бунгача ҳам бу борада изчил одимлар қўйилганди. Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 14 январда қабул қилинган “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг аҳамиятини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам болалар ва ўсмирларнинг шахмат билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор шахматни оммавийлаштириш, бу борада умумтаълим мактаблари, бошқа таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда шахмат бўйича мусобақаларни мунтазам равишда ташкил этишга алоҳида урғу берилган.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда шахматни ривожлантириш соҳасидаги юксак марралар бугунги кунда қонун ижодкорлари томонидан Конституциянинг янги нормаси сифатида ҳуқуқий жиҳатдан муҳрланаётган бўлса, моҳир шахматчиларимиз томонидан амалда забт этилмоқда.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 02.02.2023
- Кўришлар: 4511
- Чоп этиш