Ёшлар – Янги Ўзбекистон таянчи

Мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича тизимли ишларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида таъкидлаганларидек:

“Бу борада ўтган йили мамлакатимиз бўйлаб “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳаракатини ташкил этганимиз ҳамда барча умумтаълим мактабларида мазкур ҳаракатнинг 20 мингдан зиёд ўқувчи ёшларни қамраб олган гуруҳлари тузилгани фарзандларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлаш лозим”.

         “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳаракати ташкил этилишининг ҳуқуқий асослари ҳақида сўз борганда, аввало, Президентимиз томонидан 2021 йил 13 июлда қабул қилинган “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга алоҳида тўхталиш лозим.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, “Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури” тасдиқланган.

         Дастурнинг 3-қисмида ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган бир қанча бандлар белгиланган. Жумладан, Мудофаа вазирлиги ҳузурида болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш масаласи кўзда тутилган.

Ўз навбатида, айни вазифалар 2021 йил 30 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида илгари сурилган янги ташаббус ва ғояларни амалга ошириш ҳамда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш мақсади билан чамбарчас боғлиқдир.

Бинобарин, мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «Энг бебаҳо олий неъмат – тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етишимиз, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлашимиз лозим. Шу мақсадда ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беришимиз керак».

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Фото: Marifat.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech