Президентимизнинг 2022 йил 2 мартдаги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йил 23 июнда «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор қабул қилинди.
Бу ўринда, авваламбор, «Ватан таянчи» ҳаракатининг фаолиятини самарали ташкил этиш учун юридик шахс бўлмаган «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва сарфлаш мақсадлари белгиланди.
Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди. Унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатининг алоҳида бюджетдан ташқари маблағларини сақлаш учун «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси молия хизматида алоҳида депозит ҳисобварағида жамланади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.
Жамғарма маблағларидан фойдаланиш «Ватан таянчи» ҳаракатининг раҳбари томонидан тасдиқланган ва Тошкент ҳарбий округи молия хизматида белгиланган тартибда рўйхатга олинадиган йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва назорат қилишга «Ватан таянчи» ҳаракати раҳбари масъулдир.
Жамғарма маблағлари:
- давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича дастурлар, «йўл хариталари» доирасида белгиланган тартибда ажратиладиган маблағлар;
- «Ватан таянчи» ҳаракатининг вақтинча бўш маблағларини давлат улуши бўлган тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган тушумлар;
- юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
- халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, шунингдек, бошқа хорижий донорларнинг грантлари;
- қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.
«Ватан таянчи» отрядларига ихтиёрийлик асосида аъзо бўлган давлат умумтаълим мактаблари ўқувчиларига муайян имтиёзлар берилиши кўзда тутилган. Хусусан, «Ватан таянчи» отрядларининг аъзолари:
– давра суҳбатлари, конференциялар, амалий машғулотлар, тренинглар ҳамда маданий-маърифий, оммавий-маданий ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун бир ҳудуддан бошқа ҳудудга, шунингдек, Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм, муассасалар ва ҳарбий полигонларга юборилганда, Жамғарма ҳисобидан озиқ-овқат билан «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейларининг ўқувчилари учун белгиланган меъёрларга мувофиқ таъминланади;
– 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб «Ватан таянчи» ҳаракатининг фаолиятида фаол иштирок этган ҳамда давлат умумтаълим мактабини аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир «Ватан таянчи» отрядининг бир нафар аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади;
– «Ватан таянчи» ҳаракатининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган «Ватан таянчи» отряди аъзолари республика олий ҳарбий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёзга эга бўладилар;
– «Ватан таянчи» ҳаракати томонидан республика олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 09.02.2023
- Кўришлар: 4812
- Чоп этиш