“ВАТАН ТАЯНЧИ” ҲАРАКАТИ: Мазмун-моҳияти, ҳуқуқий ва ташкилий асослари

Мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича тизимли ишларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида таъкидлаганларидек:

“Бу борада ўтган йили мамлакатимиз бўйлаб “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳаракатини ташкил этганимиз ҳамда барча умумтаълим мактабларида мазкур ҳаракатнинг 20 мингдан зиёд ўқувчи ёшларни қамраб олган гуруҳлари тузилгани фарзандларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлаш лозим”.

 

Ёшлар – Янги Ўзбекистон таянчи

 

“Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳаракати ташкил этилишининг ҳуқуқий асослари ҳақида сўз борганда, аввало, Президентимиз томонидан 2021 йил 13 июлда қабул қилинган “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга алоҳида тўхталиш лозим. Чунки худди шу ҳужжатга мувофиқ, “Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури” тасдиқланган.

Дастурнинг 3-қисмида ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган бир қанча бандлар белгиланган. Жумладан, Мудофаа вазирлиги ҳузурида болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш масаласи кўзда тутилган.

Ўз навбатида, айни вазифалар 2021 йил 30 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида илгари сурилган янги ташаббус ва ғояларни амалга ошириш ҳамда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш мақсади билан чамбарчас боғлиқдир.

Бинобарин, мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «Энг бебаҳо олий неъмат – тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етишимиз, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлашимиз лозим. Шу мақсадда ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият беришимиз керак».

 

Ташаббусга кенг йўл очган Қарор

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу Фармони ижроси доирасида 2022 йил 2 мартда «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорини имзолади. Қарордан кўзланган асосий мақсад – ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказишдир.

 Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг иккита таклифи маъқулланди. Яъни:

биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш;

иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаларида бошқарма бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларида бўлим бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Президент қарорига мувофиқ, «Ватан таянчи» ҳаракатининг ташкилий тузилмаси ҳам тасдиқланди.

 

Ҳаракатнинг ҳуқуқий мақоми ва тузилиши

 

«Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати – давлат муассасасидир. Унинг асосий таъсисчиси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳисобланади.

«Ватан таянчи» ҳаракатининг мақоми, Қуролли Кучлар хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш  шартларига кўра, давлат бошқаруви органи – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги марказий аппаратининг мустақил бўлимига тенглаштирилган.

«Ватан таянчи» ҳаракати ходимларининг асосий таркиби Мудофаа вазирлиги қўшинлари умумий чекланган штат бирликлари доирасида ташкил этилади. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари «Ватан таянчи» ҳаракати фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари бошлиқларининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида тегишлича «Ватан таянчи» ҳаракатининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари ҳамда туман (шаҳар) бўлинмалари бошлиқлари ҳисобланади.

Давлат умумтаълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси раҳбарлигида таркиби 20 нафар 10-11-синф ўқувчиларидан иборат бўлган «Ватан таянчи» отрядлари тузилади. Уларнинг фаолияти «Ватан таянчи» ҳаракати томонидан мувофиқлаштириб борилади.

«Ватан таянчи» отрядларига давлат умумтаълим мактаблари ўқувчилари ихтиёрийлик асосида аъзо бўлади.

«Ватан таянчи» ҳаракати ҳузурида Васийлик кенгаши, унинг ҳудудий бўлимлари ва бўлинмалари ҳузурида эса мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилади. Уларнинг таркибига Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг вакиллари киритилади.

 

«Ватан таянчи» қандай вазифаларни бажаради?

 

Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 2 мартдаги Қарорига асосан:

  • ўсиб келаётган ёш авлодни Ватан тақдирига дахлдорлик, маънавий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда қонунларимизга нисбатан юксак ҳурмат руҳида тарбиялаш;
  • эркин фикрлайдиган, мустаҳкам билимли, жамиятда муносиб мавқеини эгаллаш қобилиятига эга, мустақил қарор қабул қилишга қодир, мамлакатининг, халқи ва ўз оиласининг фаровонлиги ва янада ривожланиши орзусида бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш;
  • ўқувчи-ёшларни тузилаётган отряд атрофида бирлаштириш ва жипслаштириш, улар орасида ҳарбий-ватанпарварлик, ўқув-тарбиявий тадбирларни амалга оширишда асосий ташкилотчи сифатида фаолият юритиш, ўқувчиларда ўқиш ва интизом бўйича юқори натижаларга эришишга иштиёқни уйғотиш ҳамда уларга ўрнак бўлиш учун фаол ҳаракат қилиш;
  • давлат умумтаълим мактаблар ўқувчиларини одоб-ахлоқ, Ватанга садоқат ва ўзига қатъий ишонч руҳида тарбиялаш, ўқиши, интизоми ва жисмоний кўрсаткичлари паст ўқувчиларга юқори натижаларга эришишда кўмаклашиш;
  • давлат умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш;
  • ўқувчиларни турли хавфли ғоялар ва ташқаридан «оммавий маданият» ниқоби остида кириб келаётган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш – «Ватан таянчи» ҳаракатининг асосий вазифалари этиб белгиланган.

 

«Ватан таянчи» ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди

 

Президентимизнинг 2022 йил 2 мартдаги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йил 23 июнда «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор қабул қилинди.

Бу ўринда, авваламбор, «Ватан таянчи» ҳаракатининг фаолиятини самарали ташкил этиш учун юридик шахс бўлмаган «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва сарфлаш мақсадлари белгиланди.

Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди. Унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатининг алоҳида бюджетдан ташқари маблағларини сақлаш учун «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси молия хизматида алоҳида депозит ҳисобварағида жамланади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш «Ватан таянчи» ҳаракатининг раҳбари томонидан тасдиқланган ва Тошкент ҳарбий округи молия хизматида белгиланган тартибда рўйхатга олинадиган йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва назорат қилишга «Ватан таянчи» ҳаракати раҳбари масъулдир.

Жамғарма маблағлари:

  • давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича дастурлар, «йўл хариталари» доирасида белгиланган тартибда ажратиладиган маблағлар;
  • «Ватан таянчи» ҳаракатининг вақтинча бўш маблағларини давлат улуши бўлган тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган тушумлар;
  • юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
  • халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, шунингдек, бошқа хорижий донорларнинг грантлари;
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.

 

«Ватан таянчи» отрядлари аъзолари учун имтиёзлар

 

«Ватан таянчи» отрядларига ихтиёрийлик асосида аъзо бўлган давлат умумтаълим мактаблари ўқувчиларига муайян имтиёзлар берилиши кўзда тутилган. Хусусан, «Ватан таянчи» отрядларининг аъзолари:

– давра суҳбатлари, конференциялар, амалий машғулотлар, тренинглар ҳамда маданий-маърифий, оммавий-маданий ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун бир ҳудуддан бошқа ҳудудга, шунингдек, Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм, муассасалар ва ҳарбий полигонларга юборилганда, Жамғарма ҳисобидан озиқ-овқат билан «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейларининг ўқувчилари учун белгиланган меъёрларга мувофиқ таъминланади;

– 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб «Ватан таянчи» ҳаракатининг фаолиятида фаол иштирок этган ҳамда давлат умумтаълим мактабини аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир «Ватан таянчи» отрядининг бир нафар аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади;

– «Ватан таянчи» ҳаракатининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган «Ватан таянчи» отряди аъзолари республика олий ҳарбий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёзга эга бўладилар;

– «Ватан таянчи» ҳаракати томонидан республика олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.

Мухтасар айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида, жумладан, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, бугунги глобаллашув ва кескин рақобат даври билан боғлиқ янги таҳдид ва хатарлар биздан доим огоҳ ва ҳушёр бўлишни тақозо этмоқда.

Бинобарин, ёшларимизнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият бериш олдимиздаги кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифалардандир. Шу маънода, “Ватан таянчи” отрядлари бўлғуси Ватан ҳимоячиларини бирлаштирмоқда.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech