“Меҳр ва парвариш уйи” болажонлар хизматида

Гулистон шаҳрида давлат-хусусий шерикчилиги асосида ногиронлиги бўлган болалар учун “Кундузги парвариш хизмати” ишга тушди. Бу ерда 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ҳафтасига 5 кун, кунига 9 соатдан 12 соатгача парвариш, реабилитация, ривожлантирувчи машғулотлар ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олинади.

Мазкур муассаса Президентимизнинг 2025 йил 3 февралдаги "Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

Очилиш маросимида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси, Гулистон шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази масъуллари, ота-оналар ҳамда муассаса ходимлари иштирок этди.

“Меҳр ва парвариш уйи”  фаолиятидан жамоатчилик, айниқса, ота-оналар мамнун бўлди.

– Қизим туғма ногирон. Йиллар давомида уни уйда парвариш қилдим. Ишлашга имконим бўлмаган. Энди эса қизим бу ерда, мен эса ишга кираман. Жуда миннатдорман, – дейди Феруза Холиқулова.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, 2025 йилнинг  охиригача бундай муассасалар барча ҳудудларда ташкил этилади. Муассасада болалар учун барча зарур шароитлар яратилган. Реабилитация ускуналари, соғлом овқатланиш, дам олиш, ўйин ва ўқув хоналари фаолият юритмоқда. Энг муҳими, ҳар бир боланинг эҳтиёжи ҳисобга олинган ҳолда психолог, логопед, массажчи ва педагоглардан иборат мутахассислар жамоаси иш олиб боради. Шунингдек, агар бола марказдан 3 километр узоқликда яшаса, унинг келиб-кетиши учун махсус транспорт хизмати ҳам кўрсатилади.

Гулистон шаҳрида йўлга қўйилган мазкур ташаббус  ижтимоий адолат, инсон қадрини улуғлаш ва эҳтиёжманд оилаларга амалий ёрдам беришнинг ёрқин ифодасидир.

Ғулом Примов,

ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech