Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Ўзбекистон туризмда Европадаги энг юқори ўсишни қайд этди

Мамлакатимизга келаётган хорижий сайёҳлар оқими янада жадаллашмоқда.

БМТ Туризм ташкилоти (UN Tourism)нинг “World Tourism Barometer” таҳлилий маълумотларига кўра, 2026 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистон халқаро туристлар оқими ўсиши бўйича Европа йўналишлари орасида энг юқори натижани қайд этди.

Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистонга келган халқаро туристлар сони 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга ошган. Бу кўрсаткич жаҳон ва Европа туризм бозоридаги умумий ўсиш суръатларидан сезиларли даражада юқори.

Хусусан, ҳисобот даврида дунё бўйлаб қарийб 690 миллион нафар халқаро турист қайд этилган. Жаҳон миқёсида туристлар оқими 0,4 фоизга, Европада эса 3 фоизга ўсган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги 25 фоизлик ўсиш мамлакатга сайёҳлар қизиқиши сезиларли даражада ортиб бораётганини кўрсатади. 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонга 6,6 миллиондан ортиқ хорижий турист ташриф буюрди.

Туристлар оқимининг ортишига бир қатор омиллар таъсир қилмоқда. Жумладан, транспорт алоқаларининг кенгайиши, мамлакатга кириш тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши, янги туристик маҳсулотларнинг яратилиши ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозорида фаол тарғиб этилиши муҳим омиллар сифатида кўрсатилмоқда.

Айни пайтда мамлакатнинг туристик салоҳияти нафақат тарихий шаҳарлар ва маданий мерос объектлари, балки тоғ, экотуризм, қишлоқ туризми, гастрономик ва бошқа йўналишлар орқали ҳам кенгайиб бормоқда. UN Tourism ҳам қишлоқ туризми, барқарорлик, маҳаллий ҳамжамиятлар ва маданий меросни туризмни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари сифатида кўрсатади.

Туристлар оқимининг юқори суръатларда ўсиши Ўзбекистоннинг 2030 йилга қадар хорижий сайёҳлар сонини 20 миллион нафарга етказиш мақсади учун муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Энг муҳими, бу рақамлар Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги иштирокини кенгайтириш билан бирга, сайёҳлик соҳаси билан боғлиқ хизматлар, меҳмонхона ва умумий овқатланиш тармоқлари, транспорт, ҳунармандчилик ҳамда маҳаллий тадбиркорлик учун ҳам янги имкониятлар яратади.

Шу тариқа, 2026 йилнинг биринчи ярмида қайд этилган 25 фоизлик ўсиш Ўзбекистон туризмидаги ижобий динамиканинг яна бир муҳим кўрсаткичи бўлди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Nashr sanasi 23.09.2026 Ko'rishlar 205
Ulashish