Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Озарбайжон матбуоти Ўзбекистон Президентининг Боку саммитидаги иштирокини кенг ёритмоқда

Давлатимиз раҳбари Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Боку шаҳрида бўлиб турибди. Шу муносабат билан Озарбайжоннинг “Xalq gazeti” нашри Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликнинг минтақавий аҳамиятига бағишланган мақола чоп этди.

Нашрда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланган. Хусусан, Марказий Осиёда ишлаб чиқариладиган “яшил” энергияни Каспий денгизи орқали Озарбайжонга, у ердан эса Европага етказиб бериш лойиҳаси халқаро энергетика хавфсизлигини таъминлашнинг истиқболли йўналиши сифатида баҳоланган.

Мақолада минтақавий хавфсизлик, терроризм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, рақамлаштириш ҳамда киберхавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг рақамли бошқарув ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги ташаббуслари ўзаро тажриба алмашиш ва соҳани ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратаётгани қайд этилган.

Икки халқ ўртасидаги тарихий дўстлик, маданий-гуманитар ришталар ҳақида сўз борганда, нашр Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактабнинг барпо этилишини олий даражадаги дўстлик, биродарлик ва ҳамжиҳатликнинг энг ёрқин амалий ифодаси сифатида эътироф этган.

Муаллифнинг таъкидлашича, Боку саммити ва унинг доирасида Ўзбекистон раҳбарининг бошқа делегация бошлиқлари билан учрашувлари икки томонлама ва минтақавий муносабатларни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш учун кенг имкониятлар эшигини очади.

“Xalq gazeti” мазкур нуфузли халқаро тадбирни Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклигини нафақат икки томонлама форматда, балки кўп томонлама платформаларда ҳам изчил мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ғоят муҳим майдон деб ҳисоблайди.

Д.ҲАКИМОВ,

ЎзА

Nashr sanasi 15.10.2026 Ko'rishlar 18
Ulashish