Инсонни улуғлаш, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш энг олий қадрият. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш масаласи устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапириб берди:
– Инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз борар экан, бу борада, энг аввало, суд тизими ҳақида тўхталиш керак. Чунки, судлар бу ҳуқуқни амалда таъминловчи муҳим институт ҳисобланади.

Янги таҳрирдаги Конституцияда суд органлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил орган сифатида белгиланган. Жумладан, 136-моддада судьялар мустақиллиги, уларнинг фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши ҳамда фаолиятига ҳар қандай аралашиш тақиқланиши белгилаб қўйилди.
Ушбу норма судьяларнинг адолатли ва холис қарор қабул қилишини таъминлаб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда, қонун устуворлигини таъминлашда ҳамда суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини мустаҳкамлашда муҳим конституциявий асос бўлиб хизмат қилади.
Айтиб ўтиш керакки, 2023 йилда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган 2023-2026 йилларга мўлжалланган Стратегия ва Ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Мазкур дастурда «Хабеас корпус» институтини кенг жорий этиш, судьялар ихтисослашувини кенгайтириш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, ягона суд амалиётини таъминлаш ва суд ҳокимиятининг нуфузини юксалтириш каби устувор вазифалар, шунингдек, уларни амалга ошириш механизмлари ва масъул органлар кўрсатиб берилди.
Президентнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан жорий йил 1 январдан буён туман, шаҳар судларида тергов судьялари фаолият юрита бошлади. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш жараёнида процессуал қарорларга санкция бериш ваколати алоҳида судья – тергов судьялари томонидан амалга оширилиши тартиби жорий этилди.
Бугунги кунда судлар фаолиятини рақамлаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, ҳозир одамлар илгаригидек суд эшиги олдида соатлаб кутиб ўтирмайди. Судларга масофадан мурожаат қилиш, видеоконференцалоқа орқали мажлисларда иштирок этиш, ишларни автоматик тақсимлаш ва суд қарорларини интернет орқали олиш имконияти яратилди.
https://exsud.sud.uz ҳамда “my.sud.uz” портали орқали масофавий эшитувлар ва электрон ариза топшириш, тўловларни амалга ошириш ва суд қарорларини онлайн тарзда олиш хизматлари судга мурожаат жараёнини янада қулай ва шаффоф қилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Олий суди томонидан my.sud.uz портали орқали “судга электрон мурожаат юбориш”, “судга мурожаат намуналари”, “давлат божи калькулятори”, “электрон тўлов тизими”, “суд қарорларини онлайн олиш” каби интерактив хизматларнинг йўлга қўйилгани фуқаролар учун судга мурожаат қилиш жараёнини қулай ва шаффоф қилиб, адолатли судловга эришиш имконини енгиллаштирди.
Мамлакатамизда инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Олий суд таркибида инвестиция низолари ҳамда рақобат қонунчилигига оид ишларни кўриб чиқиш учун махсус суд ҳайъати ташкил этилди. Бу ташаббус мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, халқаро бизнес ҳамкорлар учун қонуний кафолатларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий муносабатларда адолатли рақобат тамойилларини таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.
“Ўзбекистон - 2030” стратегиясида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қатор устувор вазифалар белгиланган. Жумладан, озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш орқали шахснинг эркинлик ҳуқуқини кенгроқ таъминлаш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш орқали фуқароларнинг одил судловга тезкор ва самарали етиб бориш имкониятини кучайтириш назарда тутилган.
Шунингдек, маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш фуқароларнинг давлат органлари қарорлари устидан эркин шикоят қилиш ҳуқуқини таъминлайди. Суд тизимини бошқаришда судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари тизимини шакллантириш эса судьялар мустақиллигини мустаҳкамлаб, инсон ҳуқуқлари устуворлиги ва адолатли судлов принципларини амалга оширишга хизмат қилади.
Тизимда олиб борилган мазкур ислоҳотлар туфайли сўнгги уч йилда судланган шахсларнинг 70 фоизига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Уч мингга яқин фуқаро эса оқланди. Жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган уч мингдан зиёд юртдошимиз афв этилди. Бу эса, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимларида кўрилаётган ҳар бир ишда инсонпарварлик, бағрикенглик тамойиллари амалда эканининг амалий ифодасидир.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 84-мақсадида судлар фаолиятини рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, хусусан, судлар жараёнига сунъий интеллект технологияларини жорий этишни босқичма-босқич амалга ошириш белгиланган.
Шу ўринда айтиш жоизки, Президентимиз томонидан яқинда, яъни жорий йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда соҳага сунъий интеллектни татбиқ этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Унга кўра, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечилиб, “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилиши босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологиялари жорий этилиб, судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади. Тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади.
“Рақамли суд” концепцияси асосида 2025 йил якунига қадар Тошкент шаҳрида иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низоларни кўришга мўлжалланган суд мажлислари тажриба тариқасида ўтказилади.
Президентимизнинг мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга тўхталиб, “Биз одил судловга эришиш учун суд ишларини тўлиқ рақамлаштириш, инсон омилини камайтириб, сунъий интеллектдан кенг фойдаланиш борасида фаол иш олиб бормоқдамиз. Иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича суд биносига бориб ўтиришга ҳожат қолмайди – тарафлар судда онлайн иштирок этади, судларда очиқлик, ошкоралик таъминланади. Қисқача айтганда, мамлакатимиз “рақамлашган ва адолатли суд даври” остонасида турибди” дея таъкидлагани замирида ҳам юқорида қайд этилган амалий ишлар ётибди.
Бу демократик жамият барпо этиш йўлидан кетаётган Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳаси устувор экани ва доимо шундай бўлиб қолишидан далолатдир.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 19.09.2025
- Кўришлар: 97
- Чоп этиш