Ўзбекистон Президенти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш сессиясида илк бор нутқ сўзлади

Жорий йилнинг 22 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Ўзбекистон илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Кенгаш аъзоси сифатида илгари суриши режалаштирилган устувор йўналишлар ҳақида нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбарининг нутқи авваламбор инсон ҳуқуқлари борасида мамлакатда амалга оширлаётган демократик ислоҳотлар  ҳамда келгусида амалга ошириладиган бир қатор чора-тадбирларга қаратилди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда гендер тенглиги, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, ёшлар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари каби қатор йўналишлардаги ислоҳотлар ижобий самараларини бермоқда.

Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида белгиланган барча мақсад ва вазифалари аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама таъминлаш билан чамбарчас боғлиқдир.

Айниқса, гендер тенгликни таъминлаш масаласи бутун дунёда муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, Ўзбекистоннинг миллий барқарор ривожланиш мақсаларидан бири айнан “Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш” деб номлангани бежиз эмас.

Юртимизда аёллар ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилаётганини ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижааларини миллий қонунчиликда ўз аксини топаётган ўзгаришларда кўриш мумкин. Охирги 4 йилда мамлакатимизда 2 та муҳим ҳужжат – “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар бу фикримизни тасдиқлайди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташкил этилди ва фаолият олиб бормоқда. Президентимиз нутқида таъкидланганидек,  «Биз гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирамиз».

Яна бир муҳим масала: мамлакатимизда "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонун кучга кирди. Мазкур Қонуннинг асосий мақсади ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашдан иборат.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган 700 мингдан ортиқ шахс, шу жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача бола ҳаёт кечирмоқда. Юқорида келтирилган қонун эса мамлакатимизда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳаёт фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган. 

Президентимиз нутқида парламент томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиниши кутилаётганлиги ҳақида айтилди. Шунингдек, имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этилди. Ҳар икки таклиф ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистон ахолисини аксариятини ёшлар ташкил этади. Шу маънода, Президентимиз жорий йилни Ўзбекистонда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустахкамлаш йили", деб эълон қилгани бежиз эмас.

Ўзбекистон томонидан Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжахон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳаси тақдим этилиши – ушбу янги ташаббуслар ҳам ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо Юртбошимизнинг эътибор марказида эканини кўрсатади.

Президентимизнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар Бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказиш таклифи ҳам ғоятда муҳимдир. Бинобарин, юртимизда кўплаб нуфузли халқаро таълим муассасалари билан ҳамкорликда тажриба алмашиш амалиётини қўллаган ҳолда, ёшларнинг сифатли таълим олишга  бўлган ҳуқуқи масаласига давлат томонидан жиддий эътибор қаратилмоқда. Энди таълим соҳаси билан бир қаторда инсон ҳуқуқлари бўйича таълимга ҳам алоҳида аҳамият берилади.

Эътибор қаратилган масалалардан яна бири – фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўришдир. Биргина 2020 йилда фуқаролиги бўлмаган 50 минг нафар ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган. Жорий йилда яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлади. Бу ҳам инсон ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги амалда тасдиғни топаётганини билдиради.

 

Дилдора Ахмедова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech