Ўзбекистон учун халқаро нуфузни ошириш ва жаҳон иқтисодиётида муносиб ўрин эгаллаш йўлидаги муҳим қадам

Муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида иштирок этиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун муҳим воқеа ҳисобланади. БМТ каби нуфузли минбардан нутқ сўзлаш мамлакатимизга ўз позицияси ва глобал ташаббусларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш имконини беради.

Бугунги кунда Халқаро валюта фонди маълумотига кўра, жаҳон иқтисодиётида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 113,8 триллион долларидан ортиқни ташкил этади. Бунинг катта қисми ривожланган мамлакатлар улушига тўғри келади – АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Япония ва Жанубий Корея жаҳон ЯИМнинг салмоқли қисмини таъминлайди.

Шу билан бирга, ривожланаётган мамлакатлар улуши ҳам тобора ортиб бормоқда, улар иқтисодий ўсиш суръатлари ва демографик салоҳияти билан глобал иқтисодиётда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бироқ, жаҳонда иқтисодий ривожланишда катта тафовут сақланиб қолмоқда.

Ривожланган мамлакатларда бир киши ҳиссасига тўғри келадиган ЯИМ ўртача 40–60 минг доллардан ортиқ бўлса, ривожланаётган давлатларда бу кўрсаткич кўпинча 5–10 минг доллар атрофида қолмоқда. Шу боис БМТ ва халқаро институтлар томонидан ривожланаётган давлатларга иқтисодий ва техник ёрдам кўрсатиш, инвестициялар жалб этиш, ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш муҳим йўналиш сифатида белгиланган.

Ўзбекистоннинг БМТдаги иштироки ана шу глобал манзарада жуда муҳим. Давлатимиз раҳбари нутқида Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) алоҳида ўрин тутиши табиий. Жумладан, муносиб иш ва иқтисодий ўсиш – Ўзбекистонда янги иш ўринлари яратиш, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошликни оширишга алоҳида эътибор берилиши кутилмоқда.

Тенгсизликни қисқартириш: глобал иқтисодиётда ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги фарқни қисқартириш йўналишида шериклик, иқлим ўзгаришига қарши чора-тадбирлар, масалан, Орол муаммоси каби глобал аҳамиятга эга экомуаммоларни бартараф этиш ҳам асосий мақсадларимиздандир.

Шунингдек, ривожланаётган мамлакат сифатида Ўзбекистон халқаро ёрдам ва шериклик дастурларидан фаол фойдаланиб, ўз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга интилмоқда. Президентнинг БМТ минбаридан илгари сурадиган ташаббуслари мамлакатимизнинг нафақат минтақавий, балки глобал иқтисодий тизимда ҳам ишончли ҳамкор эканини яна бир бор намоён этади.

Шу боис ушбу ташрифни Ўзбекистон учун халқаро нуфузни ошириш, жаҳон иқтисодиётида муносиб ўрин эгаллаш ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин.

Сулхия ГАЗИЕВА,

 Тошкент давлат шарқшунослик университети

Ташқи сиёсат ва халқаро иқтисодий муносабатлар институти

 Барқарор иқтисодий ривожланиш маркази раҳбари.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech