ЎзЛиДеП ва МТДП “Тараққиёт блоки”ни тузди (+видео)

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси “Тараққиёт блоки”ни ташкил этиш юзасидан битим имзолади.

Мазкур блокни тузишдан асосий мақсад — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш орқали партияларнинг дастурий мақсад-вазифаларини самарали амалга ошириш, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда сиёсий кучларни бирлаштиришдан иборат.   

Қайд этилганидек, партияларнинг парламентда ягона куч сифатида бирлашишига дастурий мақсадлар, сиёсий мафкура ва йўналишлар муштараклиги ва ғоявий уйғунлиги, шунингдек, кўп йиллик фаолият давомида тўпланган амалий тажриба асос бўлиб хизмат қилади. Иккала партия дастурий қарашлар, мақсад ва вазифалар жиҳатидан ўзаро яқин бўлиб, сиёсий майдонда ғоявий жиҳатдан ўнг қанотда жойлашган — ЎзЛиДеП ўнг-марказ, “Миллий тикланиш” демократик партияси эса ўнг партия ҳисобланади.

“Тараққиёт блоки” 93 нафар депутатни бирлаштириб, парламентдаги кўпчиликни ташкил этган ҳолда етакчи сиёсий кучга айланади. “Тараққиёт блоки” Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш, очиқлик сиёсатини юритиш, мамлакат иқтисодиёти ва халқаро нуфузини ошириш соҳаларида тарихий ислоҳотлар амалга оширилганлигини эътироф этган ҳолда бу борадаги ишларни изчил давом эттириш мамлакатимизни юксалтиришнинг ягона тўғри йўли, деб ҳисоблайди.   

Таъкидланганидек, “Тараққиёт блоки” қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, уни амалга оширишга қаратилган ҳукумат дастурини тўла қўллаб-қувватлайди. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш, кўп асрлик миллий-тарихий тажрибага таяниб фаолият юритишни муҳим деб ҳисоблайди.   

“Тараққиёт блоки”нинг дастлабки йиғилишида унинг устувор фаолият йўналишлари белгилаб олинди. Жумладан:   

– миллий иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва экспорт салоҳиятини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш;   

– ҳар бир фуқаронинг хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини рағбатлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;   

– сўз эркинлигига қарши ҳар қандай уринишларга қарши туриш ва мустақил нодавлат матбуот тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда эркинлик ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш;   

– таълим сифатини ошириш ва инсон салоҳиятини ривожлантириш, нодавлат таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;   

– соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббий суғуртани жорий қилиш, нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш;   

– солиқ маъмурчилиги тизимини соддалаштириш, барча тадбиркорлар учун солиқни тўлаш борасида адолатли ва тенг шароитлар яратиш, солиқ ставкаларининг ўзгармаслигини таъминловчи сиёсат юритиш;  

– давлат бюджети харажатларини қисқартириш, рақамлаштириш орқали бюрократияни бартараф этиш, давлат хизматларини кўрсатишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;   

– фуқароларга шахсий танлов имконини берувчи хусусий жамғарма пенсия тизимини яратиш, рақобатбардош ва бозор механизмлари орқали бошқариладиган замонавий, шаффоф пенсия тизимига ўтиш;   

– мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини кафолатлаш.

Йиғилишда таъкидландики, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари ушбу блок орқали умумий манфаатларга эришиш йўлида ҳамкорликни янада самарали йўлга қўяди. Мазкур ташаббус миллий манфаатларга хизмат қилиб, мамлакатни янада ривожланган, қудратли, адолатли ва замонавий давлатга айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.   

Муҳтарама Комилова,

Дониёр Якубов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech