Сўнги беш йиллик даврда янги Ўзбекистонда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган қараш тубдан ўзгарди. Мамлакатимиз тарихда биринчи марта БМТ тизимидаги энг нуфузли ҳукуматлараро органлардан бири — Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси этиб сайланди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тузилмалар билан яқин ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда. Шу билан бирга, ҳуқуқни ҳимоя қилиш борасида ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар билан амалий мулоқотлар изчил йўлга қўйилган.
2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилиниб, мазкур ҳужжатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилди. Умуман, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ортга қайтариб бўлмайдиган моҳият касб этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессиясида иштирок этиши ва унда нутқ сўзлаши сессиянинг аҳамиятини янада оширди, десак муболаға эмас. Юртбошимиз «Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умумэътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради», дея алоҳида таъкидлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг сессиясида Ўзбекистон Республикаси биринчи марта тенг ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, гендер сиёсати, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини йўқ қилиш, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
Ушбу мақсадларга эришиш учун 2021 йилда ёшлар ва аҳоли саломатлигини қўллаб-қувватлаш шиори остида "Марказий Осиё мамлакатлари аёл етакчилари мулоқоти" ва халқаро форуми ўтказилиши режалаштирилган.
Қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги ва Болалар омбудсмани тўғрисида қонунлар қабул қилинади.
Давлат раҳбари Женевадаги чиқишида фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш муаммосига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, 2020 йилда 50 минг ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигини олган, 2021 йилда эса яна 20 минг кишига фуқаролик бериш режалаштирилган.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясига қўшимча Ихтиёрий протоколни ратификация қилиш, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тизимини ривожлантириш, БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтиёрий жамғармасига ҳисса қўшиш, фуқаролик жамияти институтларини такомиллаштиришда давом этиш ва сўз эркинлигини тўлиқ қўллаб-қувватлаш бўйича бир қанча ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги кодекслар тайёрланиши таъкидланди. Бу ҳужжатларни тайёрлашда БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масалалари ҳамда судялар ва адвокатларнинг мустақиллиги бўйича махсус маърузачилари билдирган таклифлар тўлиқ ҳисобга олинади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ушбу тарихий нутқ инсон ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ барча жабҳаларни қамраб олгани, шубҳасиз, юртимизда инсон қадр-қиммати энг олий қадрият эканидан далолат беради.
Муқаддас Қосимова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 26.02.2021
- Кўришлар: 4485
- Чоп этиш