Одатда унчалик ҳам эътибор бермайдиганимиз турли баланд товушлар, шовқинлар инсон саломатлигига зарар келтиради. Бугунги кунда кўча-кўйлардаги шовқинлар ўлчови 50-60 децибелгача етади.
Маълумотларга кўра, 42 децибелдан юқори шовқин уйқусизлик, асаб бузилиши учун етарли бўлар экан. 70-90 децибелгача шовқин эса асаблар таранглашишига, 120 децибелдаги шовқин асаб касалликларини юзага келтиришга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам аҳолини шовқиннинг зарарларидан ҳимоя қилиш, бу борада зарур чора-тадбирларни кўриш муҳим.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экологик партия фракциясининг бугунги йиғилишида “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қизғин муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси билан аҳолини шовқиндан ҳимоя қилиш жараёни тартибга солинмоқда. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига кўра, инсоннинг дам олиш вақти 8 соат бўлиши керак. Шундан келиб чиқиб, тунги вақт – 23:00 дан 07:00 гача бўлган вақт оралиғида, шунингдек, дам олиш ва байрам кунлари соат 22:00 дан 09:00 гача вақт оралиғида фуқаролар осойишталигини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Қурилиш-монтаж ишларига иш кунларида соат 9:00 дан 18:00 га қадар рухсат бериш назарда тутилмоқда. Бугунги кунда баланд товушли мотоцикллардан фойдаланиш, айниқса, тунги вақтларда пойга ўйнаш ҳолатлари ортиб бормоқда. Транспорт воситаларининг бу каби ортиқча шовқини учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда. Бунинг учун Ички ишлар органларига тегишли чора кўриш бўйича ваколатлар берилмоқда.
Шовқиндан зарарланган тақдирда суд тартибида компенсация ундириш тартиби белгиланмоқда. Шунингдек, маъмурий жавобгарлик миқдорини ошириш масаласи ҳам кўзда тутилган.
Ушбу тартиблар миллий байрамлар, оммавий спорт ва маданий тадбирлар, шунингдек, диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш натижасида юзага келадиган шовқинга нисбатан татбиқ этилмайди.
Муҳокамаларда депутатлар шовқин фақат дам олиш вақтида эмас, кундузи — иш вақтида ҳам таъсир қилиши мумкинлигини айтиб, бунда қандай тартибда чоралар кўрилиши мумкинлиги билан қизиқдилар. Бундан ташқари, тўйхоналардан чиқадиган баланд шовқинлар масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Қизғин савол-жавоблар давомида депутатлар томонидан кўтарилган масалаларга жавоблар қайтарилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 22.09.2025
- Кўришлар: 59
- Чоп этиш