Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, таълим-тарбия жараёнида уларга нисбатан турли кўринишдаги зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бирига айланди. Айниқса, ота‑она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашга устувор аҳамият қаратиш зарур.
Болаларни тарбиялаш, уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, тарбия ва таълим бериш жараёнида уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини содир этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Бу каби тартиблар “Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган.
Лойиҳада зиммасига юклатилган мажбуриятни лозим даражада бажармагани учун васийлик, ҳомийлик ёки тутинган ота-оналик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахсларга болалар фарзандликка берилмаслиги ва улар васий ёки ҳомий этиб тайинланмаслиги назарда тутилмоқда. Содда қилиб айтганда, болаларни тарбиялашга қодир бўлмаган шахслар асраб олиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида нотариуслар зиммасига болани фарзандликка бериш (олиш), болани васийликка ёки ҳомийликка бериш ҳақида аризадаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш бўйича мурожаат қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига тақдим этиб бориш мажбурияти юклатиляпти.
Мазкур ҳужжат болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг оила муҳитида тарбияланиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида қизғин муҳокама қилиниб, қўллаб-қувватланди.
М.Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 23.09.2025
- Кўришлар: 114
- Чоп этиш