Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Европа Иттифоқи ахборот манбаларида Ўзбекистонда бўлиб ўтган реабилитация ва реинтеграция сиёсатини такомиллаштириш масалаларига бағишланган тадбир тафсилоти ёритилди. 

Таъкидланганидек, жорий йил 10 февраль куни Тошкентда Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ташаббуси билан давлат идоралари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида учрашув ўтказилган.

Анжуманда келгуси йил учун амалий чора-тадбирлар келишилиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш механизми белгилаб олинган. Муҳокама чоғи Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Судлов, реабилитация ва реинтеграция” (PRR) дастурини миллий устувор йўналишлар билан уйғунлаштиришга алоҳида қаратилган.

Маълумки, Ўзбекистон хавфсизлик, адолат ва ижтимоий қўллаб-қувватлов уйғунлашган ёндашувни ёқламоқда. Сўнгги йилларда ҳукуматимиз саъй-ҳаракати билан Ироқ ва Суриядан 500 га яқин фуқаро қайтарилгани халқаро миқёсда ҳақли эътироф этилди.

Дастурда халқаро шериклар GCERF, IIJ ва “Hedayah” ташкилотлари қатнашган. Лойиҳа ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш, психологик ва касбий қўллаб-қувватлаш, жамоаларни жалб этиш ҳамда ижтимоий стигмани камайтириш каби йўналишлар қамраб олинган.

Нашрлар қайд этишича, бундай ҳамкорлик реинтеграцияни фақат хавфсизлик чораси эмас, балки барқарор жамиятни шакллантириш омили сифатида ҳам намоён этишга хизмат қилмоқда.

Д.Ҳакимов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech