ХАВФСИЗ ФАОЛИЯТ КАФОЛАТЛАРИ НИМАЛАРДА АКС ЭТАДИ?

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ташаббуси билан 28 апрель 2003 йилдан эътиборан «Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни» деб эълон қилинди. Ўшандан буён 120 дан зиёд давлатда ушбу сана муносабати билан иш жойларида содир бўладиган бахтсиз ҳодисалар ва касб касаллигига чалинишлар олдини олишга, шунингдек, меҳнат муҳофазаси масалаларига дунё ҳамжамияти эътиборини янада кучайтиришга доир қонунлар қабул қилиниб, турли тадбирлар ўтказиб келинади.

Меҳнат муҳофазаси яхши йўлга қўйилган давлатларнинг аксариятида инсоннинг меҳнат фаолиятига ва унинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида аҳамият берилади. Жумладан, Германия, Италия, Франция, АҚШ ва Японияда  инсон саломатлиги унинг меҳнат фаолияти билан боғлиқлиги инобатга олиниб, нафақат ходимлар, балки барча кишилар соғлиғини муҳофаза қилишда суғурта компаниялари ҳам муҳим ўрин тутади.

Дунё ҳамжамияти томонидан меҳнат муҳофазаси ва инсоннинг бу борадаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун муҳим саналган бир қанча халқаро ҳужжатлар ва конвенциялар қабул қилинган. Масалан, Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисидаги 111-сонли Женева конвенциясида иш  жараёнларида ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қадр-қиммати топталишига йўл қўймаслик бўйича алоҳида моддалар мавжуд. Шунингдек, мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги 105-сонли конвенция 1957 йилдан буён амалда. Уни ратификация қилган ХМТнинг ҳар бир аъзоси зўраки ёки мажбурий меҳнатни тугатиш, унинг бирон-бир шаклини ишлатмаслик ва қуйидаги ҳаракатлар сифатида қўлламаслик мажбуриятини ўз зиммасига олади:

а) амалдаги сиёсий, ижтимоий ёки иқтисодий тизимга зид сиёсий қарашлар ёки мафкуравий эътиқодлар мавжудлиги, ёки ифодаланиши учун сиёсий таъсир, ёки тарбия воситаси, ёки жазо чораси сифатида;

б) иқтисодий тараққиёт эҳтиёжлари учун ишчи кучини сафарбар этиш ва ундан фойдаланиш усули сифатида;

в) меҳнат интизомини сақлаш чораси сифатида;

г) иш ташлаш ҳаракатларида қатнашганлик учун жазолаш чораси сифатида;

д) ирқий, ижтимоий, миллий мансублик ёки диний эътиқод белгилари бўйича камситиш чоралари сифатида.

Ўзбекистонда ҳам ҳар бир шахс хавфсиз, қулай ва адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга экани Конституциямизнинг 37-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Бундай кафолат амалда рўёбга чиқарилиши билан боғлиқ  аниқ чора-тадбирлар Меҳнат кодексида, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва бошқа тегишли қонунларда, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган.

Мулкчилик шакли ва хўжалик юритиш усулидан қатъи назар, ҳар бир  корхона, муассаса, ташкилот ўз ходимлари учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитини яратиши, хавфсизлик техникаси чораларини кўриши, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларини ташкил этиши, бошқа ташкилий-техник тадбирларни амалга ошириши шарт.

Меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этилиши махсус давлат органлари ва жамоатчилик томонидан назорат қилинади. Бошқа қонунлар сингари меҳнат муҳофазасига доир қонунларга риоя этилиши устидан Ўзбекистон Респуб­ликаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар умумий назорат олиб боришади.

Ўзбекистонда ҳам мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича талай ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, 2018 йил 10 майда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекис­тон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, Конституциямизда ва бошқа қонун ҳужжатларида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлангани инобатга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, барча даражалардаги давлат ва хўжалик бош­қаруви органлари раҳбарлари зиммасига мажбурий меҳнатни тақиқловчи бир қатор вазифалар юклатилди. Улар:

фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш­лари ва бунга чек қўйишлари;

фуқароларни, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, талабалар ва таълим муассасалари ўқувчиларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўришлари лозимлиги  белгилаб қўйилди.

Энг муҳими, қарорга мувофиқ, автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланди.

Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтириш, бу борадаги текширувлар самарадорлигини ошириш ва мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланганда, айбдор шахсларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш Бош прокуратурага топширилди.

Ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, бирон-бир шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги нормалари амалга оширилишини назорат қилиш чораларини кучайтириш  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги зиммасига юклатилди.

Ҳукумат қарорига биноан, бу вазирлик, аввало, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда давлат органлари, шу жумладан, маҳаллий давлат органларининг, айниқса, қишлоқ хўжалиги ишлари қизғин даврда ходимларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этилиши бўйича фаолияти юзасидан тизимли мониторинг олиб борилишини, иккинчидан, ўтказилган мониторинг якунлари бўйича фуқаролик жамияти институтларини жалб этган ҳолда, хусусан, ҳудудларда оммавий эшитувлар ташкил этилишини таъминлаши зарур. Бунда мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг ҳар бир кўриниши келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида муҳокама қилиниши лозим.

Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда фуқароларни мажбурий жамоат ишларига ноқонуний жалб қилиш ёки ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш, ушбу вазирликнинг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ваколатларини, жумладан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтиришга доир ваколатларини кенгайтириш юзасидан  ҳукуматга таклифлар киритиши зарурлиги  белгилаб берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашига эса:

– жамоа шартномаси ва меҳнат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, хусусан, мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш борасида ташкилотлардаги касаба уюшмалари бошланғич бўғинларининг жавобгарлик чораларини кучайтириш;

– мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланган тақдирда улар тўғрисида прокуратура органларига ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекция­­си ва унинг ҳудудий бўлинмаларига зудлик билан маълум қилиш;

– бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликда ушбу соҳадаги жамоатчилик назоратини фаоллаштириш тавсия этилди.

Сирасини айтганда, меҳнат муҳофазаси инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилияти сақланишига қаратилган  долзарб аҳамиятга эга тадбирлар ҳисобланади. Биз бу жараёнда фаоллигимизни жорий тартиб-қоидаларга қатъий амал қилишимиз орқали намоён этишимиз даркор.

 

Ҳамидулло МЎМИНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
("Ишонч" газетаси, 2021 йил 27 апрель)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech