Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилди

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Маслаҳат кенгашлари учун “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтириш” мавзусида ўқув-семинари ўтказилди.

Гендер тенглик – ҳар бир жамият тараққиётининг, демократик қадриятлар устуворлигининг ва инсон ҳуқуқларининг тўлиқ амалга оширилишининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. 

Халқаро даражада қабул қилинган Пекин декларацияси ва Ҳаракат платформаси, Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) каби ҳужжатлар аёллар ҳаётини яхшилашда муҳим стратегик йўналиш бўлиб хизмат қилмоқда. 

Жорий йилда Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганига 30 йил тўлади. Бу ҳужжат аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги бўйича глобал кун тартибини белгилаган тарихий ҳужжатдир. Ушбу декларация ва Платформа 189 та давлат томонидан қўллаб-қувватланган бўлиб, аёллар ва қиз болаларнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётда тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш мақсадини кўзлайди. 

Декларация принцип ва қоидалари кўплаб давлатлар, жумладан, Ўзбекистон миллий стратегияларининг асосига айланди ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг манфаатларини таъминлаш ҳамда жамиятнинг барча соҳаларида тенг имкониятлар яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотларга туртки берди. 

Ўзбекистонда сўнгги йилларда аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва имкониятларини кенгайтириш борасида қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 

“Янги Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги чуқур ислоҳотлар Пекин Ҳаракатлар платформаси тамойилларига таянган ҳолда, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенглигини таъминлаш бўйича сезиларли силжишларга олиб келди. Ушбу ислоҳотларнинг асоси – 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда мустаҳкамланган “Инсон қадри учун” тамойилидир. Унда Ўзбекистон дунёвий, демократик ва ижтимоий йўналтирилган давлат сифатида белгиланган. 

Пекин Ҳаракатлар платформаси аёллар ҳаётига таъсир этувчи 12 та муҳим соҳани қамраб олган бўлиб, ушбу йўналишларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш орқали гендер тенгликка эришиш мақсад қилинган. Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва ижтимоий соҳанинг бошқа жабҳаларига оид 100 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Шу жумладан, 2030 йилгача Гендер тенглигини таъминлаш стратегияси ишлаб чиқилди. 

Янгиланган Конституциямизда аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкамланиб, барча соҳаларда тенг имкониятлар кафолатланди. Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришлар эса халқаро стандартларга мос равишда тенг иш ҳақи таъминланишига йўл очди. 

2019 йилда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Оиладаги зўравонликка қарши курашиш бўйича қонунчилик такомиллаштирилди. 

Давлат органлари ва ташкилотларда, шу жумладан, хусусий секторда Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгаш органлари, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича махсус тузилмалар фаолияти йўлга қўйилди. Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар, грантлар ва таълим курслари жорий этилди. Қишлоқ жойларда иш ўринлари ва касб-ҳунарга ўқитиш дастурлари амалга оширилмоқда. “Аёллар дафтари” жорий этилиб, муаммоли тоифадаги хотин-қизлар билан мақсадли иш олиб борилмоқда. 

Таълим тизимида гендерга йўналтирилган ёндашувлар жорий этилгани тенг имкониятлар маданиятига эга янги авлодни тайёрлашга хизмат қилмоқда. Қиз болалар учун барча босқичдаги таълим муассасаларига тенг кириш имконияти таъминланмоқда. STEM соҳаларида қизларнинг иштироки фаоллашмоқда. Жамоатчилик ва фуқаролик таълими доирасида гендер масалаларига бағишланган ўқувлар ташкил этилмоқда. 

Аёлларнинг қарор қабул қилишдаги иштироки давлат бошқаруви тизимининг барқарор ва мувозанатли бўлишига ҳисса қўшмоқда. Шу мақсадда Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритилиб, сиёсий партиялардаги аёл номзодлар учун энг кам квота 30 фоиздан 40 фоизгача оширилди.

Ўзбекистон аёллари мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тобора фаол иштирок этмоқда. Бугунги кунда 2 мингдан ортиқ аёл раҳбарлик лавозимларида, шу жумладан, 240 нафари ижро этувчи ҳокимият органларида фаолият юритмоқда. 

Умуман олганда, Ўзбекистон БМТ ва ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Пекин+30 жараёнида фаол иштирок этмоқда. 

2024 йилда тайёрланган миллий ҳисоботда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ва истиқболли вазифалар атрофлича ёритилган. Шу билан бирга, мамлакатда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ), хусусан БРМ 5 — гендер тенгликни таъминлаш доирасида қўшимча дастурлар амалга оширилмоқда. 

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова томонидан таъкидланганидек, давлат органлари гендер тенгликни таъминлаш борасида миллий дастурлар, стратегиялар ва йўл хариталари қабул қилади. Ушбу ҳужжатлар Пекин платформасининг асосий принципларини миллий хусусиятларга мослаштиришга ёрдам беради. Давлат органлари ва ташкилотларда кўп ишлар амалга оширилмоқда, янгидан янги ташаббуслар илгари сурилмоқда. 

Ўқув семинарида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолати тўғрисида”ги қонунда белгиланган қоидалар ижросини тўлиқ таъминлаш, идоралараро тажриба алмашинувни кенгайтириш, муваффақиятли тажрибаларни оммалаштириш, меҳнат жамоаларида аёллар ва қизларни янги билим, замонавий воситалар билан таъминлаш каби масалалар атрофлича муҳокама этилди. 

Шу билан бирга давлат хизматчилари ўртасида гендер масалалари бўйича хабардорликни ошириш, меҳнат фаолиятида гендерга сезгир ёндашувларни жорий этиш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатларини таъминлаш гендер стратегиясини тўлиқ амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ, илмий муассасалар ва хусусий сектор билан яқиндан ҳамкорликни амалга оширишга катта эътибор қаратилди. 

Н.Усмонова, ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech