Янги Марказий Осиё архитектураси: институционал интеграция ва Озарбайжон омили

Бугунги глобаллашув замонида, тезкор даврда халқаро муносабатлар тизимида минтақавий интеграция жараёнлари янги мазмун касб этмоқда. Айниқса, глобал беқарорлик, геосиёсий қарама-қаршиликлар ва иқтисодий боғлиқликнинг чуқурлашуви шароитида қўшни давлатлар ўртасида ишонч, мувофиқлашув ва институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор аҳамиятга эга. Бу жараёнлар Марказий Осиё минтақасида ҳам яққол намоён бўлмоқда, дейиш мумкин.

Айтиш керакки, сўнгги йилларда минтақа давлатлари ўртасидаги мулоқот янги сифат босқичига кўтарилди. Хусусан, давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақада барқарорлик, ўзаро ишонч ва умумий ривожланишни таъминлашга қаратилган муҳим институционал механизмга айланиб бормоқда. 

ЎзА мухбири Янги Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик архитектураси эволюцияси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасида келтирилган Маслаҳат учрашувлари формати ва уларнинг истиқболлари хусусида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Мухтор Назировнинг фикрларига қизиқди. 

– XXI асрнинг иккинчи ўн йиллигидан бошлаб Марказий Осиё минтақасида давлатлараро ҳамкорликнинг янги институционал шакллари вужудга кела бошлади. Хусусан, 2018 йилдан буён ўтказилиб келинаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақада ишончни мустаҳкамлаш, ўзаро мувофиқлашувни кучайтириш ва интеграцион салоҳиятни оширишга қаратилган мулоқот механизми сифатида шаклланди. Аввал бошда ушбу формат норасмий ва декларатив хусусиятга эга бўлган бўлса, 2020 йилларнинг ўрталаридан бошлаб у институционал жиҳатдан мустаҳкамлана бошлади.

Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда Марказий Осиё халқаро муносабатлар тизимида тобора мустақил минтақавий субъект сифатида намоён бўлмоқда. Айниқса, 2025 йил минтақа давлатлари ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, кўп йиллик муаммоларни ҳал этиш ва ташқи шериклар билан ҳамкорликни институционаллаштириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этди.

2025 йил 16 ноябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган еттинчи Маслаҳат учрашув доирасида қабул қилинган қарор, яъни форматнинг “Марказий Осиё ҳамжамияти” деб қайта номланиши ва Озарбайжоннинг тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши мазкур эволюциянинг мантиқий давоми бўлди. Бу қарор Марказий Осиё минтақавий архитектурасини фақат беш давлат доирасида эмас, балки Евроосиё маконидаги кенгроқ боғлиқлик тизими контекстида қайта англаш заруратини юзага чиқаради.

Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Минтақамиз давлат раҳбарларининг яқинда Тошкентдаги Маслаҳат учрашуви чоғида биз интеграция жараёнларини янги сифат босқичига кўтариш учун Марказий Осиё ҳамжамияти стратегик форматини ташкил қилиш ғоясини илгари сурдик. Озарбайжонни Марказий Осиё ҳамжамияти форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисидаги қарор тарихий аҳамиятга эга бўлди. Ушбу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида стратегик боғлиқлик ва барқарорликни кучайтириши шубҳасиз.” 

Марказий Осиё ҳамжамиятини стратегик формат сифатида шакллантириш ташаббуси минтақавий интеграция назариялари, хусусан неофункционализм ва минтақавий хавфсизлик комплекслари назарияси нуқтаи назаридан қаралганда, функционал ҳамкорлик доираларининг кенгайиши ва институционал ўзаро боғлиқликнинг кучайишига қаратилган тизимли қадам сифатида талқин қилиш мумкин.

Мазкур формат доирасида Озарбайжон Республикасини Марказий Осиё ҳамжамиятига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисида қабул қилинган қарор минтақавий ҳамкорлик архитектурасининг геосиёсий қамровини кенгайтирувчи муҳим институционал янгилик ҳисобланади. 

Ушбу қарорни Карл Дойчнинг “хавфсизлик ҳамжамияти” концепцияси нуқтаи назаридан баҳолар эканмиз, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақалари ўртасида ўзаро ишонч, сиёсий мувофиқлашув ва барқарор ҳамкорлик механизмларини шакллантириш учун қўшимча институционал замин яратилаётганини кузатиш мумкин. Шу маънода, Озарбайжоннинг ушбу ҳамжамиятга интеграциялашуви минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш орқали транспорт-логистика, энергетика ва хавфсизлик соҳаларидаги функционал ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Айтиш керакки, мазкур Маслаҳат учрашувларининг “Марказий Осиё ҳамжамияти”га айлантирилиши минтақанинг яқин тарихида биринчи марта шакллантирилган, формал институционаллашган минтақавий ҳамкорлик тузилмасини юзага келтирди. Ушбу трансформация декларатив шерикликдан функционал механизмлар ва узоқ муддатли стратегик лойиҳаларга асосланган амалий интеграцияга ўтишни англатади. Озарбайжоннинг тўла ҳуқуқли олтинчи аъзо сифатида қабул қилиниши эса ҳамжамиятнинг географик ва геосиёсий қамровини анъанавий “Марказий Осиё бешлиги” доирасидан ташқарига кенгайтирди.

Марказий Осиё ҳамжамиятининг ҳозирги ҳолатини тўғри англаш учун унинг етти йиллик эволюциясини таҳлил қилиш зарур.

2017 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси ўша давр шароитида инқилобий тусга эга эди. Яъни, илк бор Марказий Осиё мустақил давлатлари тарихида ташқи тузилмалар ёки воситачиларсиз давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқот механизми яратилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласида таъкидланганидек, ушбу формат “ишонч, очиқлик ва умумий манфаатларни англашга асосланган янгича сиёсий тафаккур рамзига айланди”.  Демак, минтақа ичида биргаликда ривожланиш ва умумий тақдирни барпо этиш борасида янги манфаатлар мувозанати шаклланди.

2019-2022 йилларда иккинчи, учинчи ва тўртинчи учрашувлар ҳамкорлик нормалари ва амалиётини шакллантириш даври бўлди. Бошқача айтганда, минтақавийлашувнинг мустаҳкамланиш даври бўлди. Масалан, Қирғизистонда ўтган тўртинчи учрашувда илк бор 2022-2024 йилларга мўлжалланган минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш “йўл харитаси” қабул қилинди. У қонунчилик, савдо, инвестиция, таълим, спорт, виза режимлари ва хавфсизлик каби йигирмадан ортиқ соҳани қамраб олди. 

Ушбу даврнинг асосий хусусияти шунда эдики, учрашувлар узоқ йиллар давомида ечилмай келган муаммоларни ҳал қилиш платформасига айланди. Шулар жумласига:

  • Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарани демаркация қилиш бўйича музокаралар;
  • Транспорт алоқаларини тиклаш;
  • Энергетика ва сув ресурслари соҳасида ҳамкорликни қайта йўлга қўйиш.

2024 йил август ойида Остона саммитида бўлиб ўтган олтинчи учрашувда “Марказий Осиё – 2040” минтақавий кооперацияни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Илк бор 2040 йилгача бўлган узоқ муддатли интеграция горизонти белгилаб олинди. Шу билан бирга, маслаҳатлашув форматини доимий минтақавий тузилмага айлантириш зарурлигини кўрсатди.

Концепция савдо, энергетика, транспорт, экология, рақамли боғлиқлик ва айниқса, ягона марказий осиёлик маданий идентикликни мустаҳкамлаш каби устувор йўналишларни қамраб олди. Умуман олганда, интеграция жараёнлари стратегик жиҳатдан қайта йўналиш олди.

Айниқса, 2025 йил ноябрда Тошкентдаги еттинчи учрашув туб бурилиш нуқтаси бўлди. Минтақавий платформанинг трансформациясида мисли кўрилмаган қарорлар қабул қилинди. Энг муҳим янгилик – аввал мавжуд бўлмаган формал ташкилий тузилманинг яратилиши бўлди. Президент Ш.Мирзиёев минтақавий бирликни янги босқичга олиб чиқиши мумкин бўлган бир қатор таклифларни илгари сурди:

Ротация асосида фаолият юритадиган Котибият – учрашувларни тайёрлаш, саммитлар орасида мувофиқлаштириш ва қарорлар ижросини мониторинг қилиш учун масъул доимий маъмурий орган. Бу минтақада биринчи бор доимий аппарат пайдо бўлганини англатади.

Оқсоқоллар кенгаши – нуфузли давлат арбоблари, олимлар ва маданий етакчилардан иборат инновацион орган. Унинг вазифаси минтақамиз халқлари орасида маданий-гуманитар мулоқотни мустаҳкамлаш, авлодлар узвийлигини таъминлаш ва умумий минтақавий идентикликни ривожлантиришдан иборат. Бу институтнинг ўзига хослиги шундаки, у минтақамиз табиатига мос анъанавий бўлган жамоавий қарор қабул қилиш амалиёти – маслаҳатга таянади.

Миллий координаторлар мақомини ошириш – улар давлат раҳбарларининг махсус вакилларига айлантирилиб, кундалик дипломатик ваколатларга эга бўлди.

Инфратузилмани ривожлантириш кенгаши – бош вазир ўринбосарлари даражасидаги орган бўлиб, йирик транспорт ва логистика лойиҳаларини мувофиқлаштиради.

Умуман олганда, мазкур институционал ўзгаришлар Марказий Осиё мамлакатлари декларатив форматлардан келишилган ташаббусларни мониторинг қилиш ва амалга оширишни таъминлашга қодир механизмларга ўтаётганини кўрсатади.

“Маслаҳат учрашувлари” атамасининг “Марказий Осиё ҳамжамияти” (МОҲ) билан алмаштирилиши чуқур рамзий маънога эга. Бу вақтинчалик мулоқот платформасидан барқарор сиёсий ҳамжамиятга ўтишни англатади. “Ҳамжамият” тушунчаси сиёсийдан ташқари маданий, ижтимоий ва иқтисодий бирликни ҳам назарда тутади.

Марказий Осиёда фаол кечаётган жараёнлар минтақавий интеграция назарияларининг бир қатор йўналишларига, хусусан, неофункционализм, регионализмнинг “юмшоқ институционал” модели ва геоиқтисод концепциясига мос келади. Неофункционализм давлатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг босқичма-босқич сиёсий мувофиқлашувга олиб келишини таъкидласа, юмшоқ институционализм суверенитетни чекламасдан туриб ҳам ҳамкорликни чуқурлаштириш мумкинлигини асослайди.

МОҲнинг тузулмавий институтлари давлатлардан юқори турувчи ваколатларга эга эмаслиги, кенгашиш – асосий мулоқот воситаси сифатида сақланиб қолиши тез ўзгарувчан геосиёсий воқеликлар шароитида минтақавий бирликка эришиш ва уни бир маромда ривожлантириш имконини беради. Бу эса МОҲни классик интеграцион иттифоқлардан фарқ қилувчи, суверенитетни сақлаб қолган ҳолда мувофиқлашувни таъминловчи платформа сифатида тавсифлашга асос беради. Геоиқтисодий ёндашув эса давлатларнинг ташқи сиёсий қарорлари иқтисодий манфаатлар, транспорт-логистика имкониятлари ва бозорларга чиқиш масалалари билан узвий боғлиқ эканини кўрсатади. 

Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматида меҳмон сифатида иштирок этишдан тўлақонли аъзоликка ўтиши босқичма-босқич ривожланган сиёсий жараён маҳсулидир. Давлат раҳбарлари ўртасидаги интенсив дипломатик алоқалар, юқори даражадаги ўзаро ташрифлар ва қўшма лойиҳалар ушбу қарор учун зарур институционал муҳитни шакллантирди.

Экспертлар фикрича, Озарбайжоннинг Марказий Осиё интеграция жараёнларига “қўшилиши” бир қатор ҳал қилувчи омиллар билан изоҳланади. Сиёсий нуқтаи назардан, Озарбайжон МОҲ доирасида ўзини ташқи актор эмас, балки минтақавий манфаатдор субъект сифатида намоён қилмоқда. Бу эса Марказий Осиё давлатларининг ҳам уни минтақавий архитектуранинг ажралмас қисми сифатида қабул қилаётганини кўрсатади.

Яна бир муҳим омил геоиқтисодий рационаллик билан боғлиқ. Марказий Осиё давлатларининг денгизга чиқиш имконияти чекланган бўлиб, ташқи бозорларга чиқиш масаласи транспорт инфратузилмасига боғлиқ. Озарбайжон Каспий денгизи орқали транскаспий алоқаларни, Кавказ ва Туркия орқали Европа бозорларига чиқишни таъминловчи логистик тугун вазифасини бажаради.

Марказий Осиё давлатлари нефть, газ, уран ва нодир металлар каби хомашё экспортчилари ҳисобланади ва экспорт йўналишларини диверсификация қилишга интилмоқда. Шарқ-Ғарб ҳамда Шимол-Жануб транспорт йўлаклари кесишган нуқтада жойлашган Озарбайжон ажралмас воситачига айланмоқда.

“Ўрта йўлак” (Хитойни Европа билан Марказий Осиё, Қозоғистон, Озарбайжон, Кавказ ва Туркия орқали боғлайди. Ушбу маршрутни амалий ишлатишда Озарбайжон ҳал қилувчи роль ўйнайди, хусусан Каспий денгизидаги портлар орқали) ва “Зангезур” транспорт йўналишлари МОҲ доирасида иқтисодий интеграцияни моддий жиҳатдан таъминловчи асосий инфратузилмавий лойиҳалар сифатида қаралади. 

Расмий маълумотларга кўра, “Зангезур” транспорт йўлаги миллиардлаб доллар қийматига эга бўлган лойиҳа бўлиб, Арманистоннинг Сюник вилояти орқали 43 км темир йўл ва автомагистрал қуришни назарда тутади. Бу Озарбайжоннинг Нахчивон ҳудуди ва Туркия ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш имконини беради. Озарбайжон ўз ҳудудидаги қисмни (Хорадиз – Ағбенд темир йўли ва автомагистрал) тўлиқ тугатган. Лойиҳа 2026 йилга қадар якунланиши кутилмоқда ва ўтказиш қуввати йилига 15 млн. тоннага етиши мумкин. Ушбу транспорт йўлаклар нафақат савдо ҳажмини ошириш, балки минтақавий ўзаро боғлиқликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Эътиборлиси, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқалар ижобий ўсишни кўрсатмоқда. Марказий Осиё доирасида ўзаро савдо ҳажми 2024-2025 йилларда 10,7 млрд. АҚШ долларига етди. Мутахассислар фикрича, бажарилаётган божхона ва логистика мувофиқлашуви ҳисобига бу кўрсаткични 1,5-2 баробар ошириш прогноз қилинмоқда. Демак, ҳисоб-китобларга кўра, белгиланган марра – 20 млрд. АҚШ доллари ҳажмига етиш.

Озарбайжон ташқи сиёсати кўп векторли характерга эга бўлиб, у бир вақтнинг ўзида Жанубий Кавказ, Марказий Осиё ва Туркий давлатлар ҳамкорлиги тизимида фаол иштирок этади. Бу ҳолат мамлакатни минтақалараро боғловчи давлат сифатида тавсифлаш имконини беради.

МОҲ доирасида мазкур боғловчи функция Марказий Осиё давлатлари учун ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиради ва форматнинг ташқи алоқаларини диверсификация қилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Озарбайжоннинг Марказий Осиё ҳамжамиятига тўлақонли аъзо сифатида қўшилиши минтақавий интеграциянинг янги босқичини англатади. Бу қарор геоиқтисодий боғлиқликни институционал шаклга келтиради ва Марказий Осиёни Евроосиё маконида функционал платформа сифатида қайта таърифлайди.

Ўткир Алимов ёзиб олди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech