Муносабат
Маълумки, Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбарининг жаҳон минбаридаги мазкур нутқида нафақат Ўзбекистон, балки дунё аҳолиси ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган долзарб масалалар кўтарилди, таклиф ва ғоялар илгари сурилди.
Ушбу тарихий нутқнинг моҳияти, унда билдирилган ғоя ва ташаббуслар ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева ўз муносабатини, мулоҳазаларини билдирди:
— БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан янграган нутқ нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё аҳли учун муҳим воқеа бўлди. Чунки ушбу нутқда глобал муаммоларга ечим излаш, ҳамжиҳатлик ва адолат ғоялари асосий ўрин тутди. Бу минбардан янграган сўзлар – Ўзбекистоннинг янги қиёфаси, яъни очиқ, ташаббускор ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаётган давлат сифатидаги мавқеини намоён этди.
Президентимиз ўз нутқида дунё кун тартибининг энг муҳим масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Хавфсизлик, иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқлари каби масалалар нафақат давлатлар, балки ҳар бир инсон ҳаётига дахлдор экани таъкидланди. Масалан, иқлим ўзгариши ҳақида гап кетар экан, бу жараён қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликка, ичимлик суви таъминотига, болалар саломатлигига бевосита таъсир кўрсатиши айтилди.
Нутқдаги йўналишлар ҳар биримиз учун ҳаётий аҳамиятга эга. Ядровий хавфсизлик масаласи нафақат геосиёсий мувозанат, балки келажак авлоднинг тинч ва осуда турмуши учун асос эканини англатди. Афғонистонда тинчлик ўрнатишга оид фикрлар ҳам диққатга сазовор. Зеро, бу мамлакатдаги барқарорлик бутун Марказий Осиё учун хавфсизлик ва тараққиёт кафолати ҳисобланади.
Дунёда 2 миллиарддан ортиқ одам тоза ичимлик сувидан маҳрум. Бу глобал инқироздир. Ўзбекистон ташаббуси билан Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форуми ташкил этилиши режалаштирилгани ҳам шу долзарб муаммони ҳал қилишга қаратилган. Шунингдек, иқлим миграциясига оид аниқ халқаро механизмлар йўқлиги қайд этилди. Президент бу йўналишда Глобал Пакт қабул қилишни таклиф этди. Бу эса самарали ҳамкорлик ва умумий жавобгарликни талаб этади.
Менимча, мазкур нутқ инсоният олдида турган жиддий хавф ва вазифаларни очиқ кўрсатди. Орол муаммоси, сув инқирози ёки иқлим миграцияси — барчаси инсон ҳаёти, саломатлиги ва келажак фаровонлиги билан чамбарчас боғлиқ.
Президентнинг БМТ минбаридан илгари сурган “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати” ташаббуси ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифи мамлакатимиз учун катта маъно касб этади. Бу ғоя нафақат рамзий, балки амалий ҳаракатга чақириқдир. Ёш авлод қалби ва онгига гуманизм, дўстлик, ишонч ва ҳурмат ғояларини сингдириш умумий вазифамиз. Шу билан бирга, рақамли тараққиёт ва сунъий интеллектдан фойдаланишдаги тенгсизликка қарши халқаро ҳамкорлик механизмларини яратиш зарурлиги ҳам эътироф этилди.
Мен бу таклифни катта умид билан қабул қиламан. Чунки ёшлар — келажакнинг ҳаракатлантирувчи кучи. Агар улар учун бундай минбар яратилса, тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат ғоялари ҳаётда мустаҳкам ўрин эгаллайди. Бироқ фақат даъват билан чекланмасдан, уни амалий қадамлар билан таъминлаш зарур.
“Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати” — ғоя эмас, балки амалий ҳаракат. Агар бу ташаббус ҳаётга татбиқ этилса, Ўзбекистон дунё майдонида ёшларнинг ҳақиқий шеригига айланади. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг БМТнинг ўзи ҳам замон талабларига мос равишда янгиланиши кераклиги ҳақидаги фикри бутун инсоният учун муҳим даъватдир.
Шу жиҳатдан қараганда, Президентимиз нутқи фақат расмий баёнот эмас, балки чуқур маънавий ва амалий чақириқ. Ҳар бир ғоя ва таклиф ортида инсон қадри, тинчлик, адолат ва ҳамжиҳатлик турибди. Мазкур нутқ халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини оширади.
“Янги Ўзбекистон” ғояси – шиор эмас, балки ҳар биримизнинг фаол иштирокимизга боғлиқ улкан мақсад. Агар нутқда илгари сурилган даъватлар амалга ошса, юртимиз халқаро майдонда ишончли шерикка айланади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА
- Қўшилди: 24.09.2025
- Кўришлар: 69
- Чоп этиш