БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган ташаббуслар халқаро ҳуқуқнинг устувор йўналишлари билан узвий боғлиқдир. Хусусан, барқарор ривожланиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари халқаро ҳуқуқий мажбуриятлар ва умумбашарий шартномавий тизим доирасида таҳлил этилди.
Замонавий дунё учун глобал хавфлар ичида иқлим ўзгариши биринчи ўринда турибди
Бу жараён нафақат табиатга, балки инсон ҳаётининг барча соҳаларига таъсир қилмоқда: сув ресурслари танқислиги, ҳаво ифлосланиши, чўлланиш, миграция ва ҳатто озиқ-овқат хавфсизлиги каби муаммолар шундан келиб чиқмоқда.
Орол денгизи қуришининг оқибатлари умуминсоний фожиа сифатида эътироф этилди. Бу ҳолат БМТ Низоми ва 1972 йилдаги Стокгольм декларациясида мустаҳкамланган “чегаралараро экологик зарар етказмаслик” принципи билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистон амалга ошираётган кенг кўламли тикланиш ишлари – халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайдиган ҳуқуқий механизм сифатида баҳоланиши мумкин.
Орол муаммоси – инсоният олдида турган ҳақиқий огоҳлантириш қўнғироғи
Ўзбекистон учун иқлим ўзгариши муаммоси ҳаётий аҳамиятга эга. Орол денгизи қуриши бутун дунёда экологик фожиа сифатида эътироф этилган. Қуриб қолган денгиз тубидаги туз ва чанг минглаб километрга тарқалмоқда, бу эса аҳоли саломатлиги ва қишлоқ хўжалигига таъсир кўрсатади. Мамлакатимизда бу ҳудудни тиклаш, кўчат экиш ва яшил қопламалар яратиш ишлари изчил давом этмоқда. Сўнгги йилларда Орол тубида 2 миллион гектар ерга шўрга чидамли ўсимликлар экилиб, 2030 йилга қадар ҳудуднинг 80 фоизида яшил қопламалар яратилиши режалаштирилган.
Сув ресурслари – умуминсоний манфаат ва ҳамжиҳатлик масаласи
Давлатимиз раҳбари БМТ тузилмалари билан минтақада қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни, жумладан, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилишни таклиф қилди.
Сув ресурсларининг танқислиги бугунги кунда инсоният учун энг катта муаммолардан бирига айланди. Тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Шу боис, Ўзбекистонда “Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форуми” ўтказилиши режалаштирилган. Сувдан оқилона фойдаланиш масаласи 1997 йилги “Халқаро сув йўлларидан нотижорат мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисида”ги Конвенция, шунингдек, 2010 йилда БМТ Бош Ассамблеясида инсоннинг тоза ичимлик сувига бўлган ҳуқуқи алоҳида эътироф этилгани билан уйғун. Ўзбекистоннинг ташаббуси халқаро ҳуқуқдаги мавжуд механизмларни мустаҳкамлашга қаратилган амалий қадам сифатида намоён бўлди.
Иқлим ўзгариши сабабли миграция масаласи ҳуқуқий жиҳатдан ҳали очиқ қолмоқда
Давлатимиз раҳбари нутқида, иқлим ўзгариши сабабли келиб чиқадиган миграция жараёнлари халқаро ҳуқуқда ҳанузгача аниқ нормалар билан тартибга солинмаганлигини таъкидлади. Бугунги кунда “1951 йилги Женева Конвенцияси” фақатгина қочқинлар мақоми билан боғлиқ муносабатларни қамраб олади. Аммо иқлим мигрантлари масаласи ҳеч бир халқаро шартномада аниқ белгиланмаган. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган “Глобал пакт” ташаббуси шу ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш ва халқаро мажбуриятларнинг янги турини шакллантириш зарурлигини кўрсатади.
Яшил ташаббуслар – миллий ва халқаро қонунчилик уйғунлиги
“Яшил макон” лойиҳаси, барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун ислоҳотлар, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан инсоният манфаати йўлида фойдаланиш – буларнинг барчаси халқаро экология ҳуқуқи ва миллий қонунчилик уйғунлигининг намоён бўлиши сифатида қаралади. Бу йўналишда Ўзбекистоннинг ташаббуслари БМТнинг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш дастури билан тўлиқ уйғунлик касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ 80-сессиясидаги нутқи экологик муаммоларни ҳал қилишда халқаро ҳуқуқнинг ролини янада мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатди. Президент томонидан илгари сурилган ташаббуслар – сувдан оқилона фойдаланиш, иқлим миграцияси бўйича ҳуқуқий механизм яратиш, Оролбўйини тиклаш ишлари – халқаро ҳуқуқий тизимда янги нормалар шаклланишига туртки бўлади. Демак, Ўзбекистон бугун нафақат миллий миқёсда экологик хавфсизликни таъминлаш, балки глобал ҳуқуқий тартибга солишда ҳам фаол иштирокчи сифатида майдонга чиқмоқда. Бу эса мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш билан бирга, инсоният тақдирига дахлдор бўлган масалаларда ҳуқуқий кафолатларни кучайтиришга хизмат қилади.
Олим Нарзуллаев,
эскперт
ЎзА
- Қўшилди: 24.09.2025
- Кўришлар: 79
- Чоп этиш