Европа парламентида Янги Ўзбекистон очиқ, шаффоф ва демократик йўлдан бораётгани эътироф этилди

Европа парламенти ва Бельгия Сенати томонидан Брюссель шаҳрида ташкил қилинган “Гендерга нисбатан сезувчан парламентлар” мавзусидаги семинарда Ўзбекистон парламенти вакиллари ҳам иштирок этди.

Унда Европа, Бельгия, Германия, Литва, Чехия парламенти аъзолари ҳамда Гендер тенглик бўйича Европа институти директори ва Европа Иттифоқининг “Inter Pares” лойиҳаси раҳбари билан бир қаторда Ўзбекистон Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова ҳамда Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов иштирок этди. 

Тадбирда Ўзбекистон бугунги кунда гендер тенгликни таъминлашда етарли тажрибага эга экани, соҳада қонунчилик мустаҳкамланиб, янада такомиллашгани, самарали механизмлар яратилгани ҳамда бунда парламентнинг фаол иштироки эътироф этилди.

Европа парламенти вице-президенти ва гендер тенглик бўйича юқори даражадаги гуруҳ аъзоси Николай Стефанута жорий йил 6-9 апрель кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи чоғида мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларга гувоҳ бўлганини таъкидлади. Янги Ўзбекистон бугунги кунда очиқ, шаффоф ва демократик йўлда бораётганини эътироф этди. 

Европа парламенти Ташқи ишлар қўмитаси раиси ўринбосари Хана Жаллоул Ўзбекистонда қонунчилик такомиллашиб бораётгани ва мамлакат тажрибаси бошқа давлатларга фойдали бўлишини қайд этиб, юртимизга ташриф буюриш ниятини билдирди.

Семинарда Европа парламенти фаолияти, механизмлари ва динамикаси билан танишилди, шунингдек, Европа Иттифоқи ҳамда Ўзбекистонда гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ўзгаришлар ҳамда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Қонун ижодкорлиги ва назорат тадбирлари, жамоатчилик иштироки ҳамда гендер аудит бўйича тажриба алмашилди. Парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech