Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга илк бор докторантура учун қабул квоталари ажратилди

Жорий йил 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2022 йил учун стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантура ва мақсадли докторантурага қабул квотаси эълон қилинди.

Келгуси йил учун олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул квоталари 2 баравар оширилиб, 3 минг 600 тага етказилди. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказига биринчи марта докторантурага қабул квоталари ажратилди.

Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази 2022 йил учун таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчилик институтига “Халқаро ҳуқуқ”, “Инсон ҳуқуқлари” ҳамда “Давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи. Ҳуқуқий таълимотлар тарихи” мутахассисликлари бўйича қабул эълон қилди.

Ҳужжатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази қабул комиссияси томонидан жорий йил 15 сентябрдан – 15 октябргача қабул қилинади.

Бу борадаги тафсилотлар билан Марказнинг расмий сайтида (http://www.insonhuquqlari.uz/) ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилган эълон орқали тўлиқ танишиш мумкин.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech