Мамлакатимизда миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда адабиёт ва китобхонликни янада ривожлантириш даврнинг долзарб талабига айланди. Шу мақсадда «Ижод» жамоат фонди негизида Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши ҳақида 19 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида алоҳида таъкидлангани бежиз эмас.
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирокида ташкил этилган маърифий анжуманда шу ҳақда сўз борди. Тадбир доирасида академик А.Саидовнинг "Қиёсий адабиётшуносликка кириш" китоби тақдимоти ўтказилди.
Мазкур китоб 2020 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида нашр этилган. Китобнинг "Ғарб адабиёти" номли биринчи бўлими 11 та бобдан ташкил топган бўлиб, унда Франция, Италия, Германия, Австрия, Швейцария, Англия, Ирландия, Россия, Чехия, АҚШ, шунингдек Лотин Америкаси адабиёти ёрқин намояндаларининг адабий-бадиий асарлари таҳлил этилган.
Китобнинг иккинчи бўлими "Шарқ адабиёти" деб аталади. Ушбу бўлимдаги 5 та бобдан Хитой, Япония, Жанубий Корея мамлакатлари ва Форс адабиётига мансуб машҳур адибларнинг асарлари бадиий талқинига бағишланган мақола ва эсселар ўрин олган.
Муаллиф таъкидлаганидек, қиёсий адабиётшуносликнинг асосий вазифаси жаҳон адабиёти харитасининг ранг-баранг миллий манзараларини илмий-ижодий талқин этишдан иборатдир. Миллий адабиётларни ўзаро қиёсий ўрганиш асосидагина жаҳон адабиёти ривожининг асосий мезонлари ва ривожланиш қонуниятларини аниқлаш мумкин.
Тақдимотда таниқли ёзувчи ва журналист, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Баҳодир Карим, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи директори Шавкат Юсупов иштирок этди ҳамда сўзга чиқди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 08.02.2021
- Кўришлар: 4808
- Чоп этиш