Юртимизда яшариш, янгиланиш фасли бўлган баҳор байрамлар билан бошланади. Баҳорнинг илк байрами 8 март - Халқаро хотин-қизлар кунидир.
Ушбу сана биринчи маротаба 1908 йили Америка Қўшма Штатларида байрам қилинган. Дастлаб байрамнинг қайси куни нишонланиши борасида анча чалкашликлар бўлган. Шунинг учун у 1909 йилдан 1913 йилга қадар февраль ойининг охирги якшанбасида нишонлаб келинган. 1911 йилдан Халқаро хотин-қизлар куни Германия, Австрия, Дания ва Швейцарияда - 19 мартда, кейинчалик эса 12 майда нишонлана бошланган. Ниҳоят, 1914 йилдан эътиборан 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни сифатида белгиланган.
Бугунги кунда фаол, ўз касбининг устаси, ижодкор аёл ва қизларнинг жамиятимиздаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Аёлларнинг нозик диди, ҳар ишга қунт билан ёндашуви, табиатан саранжом-саришталиги уларнинг барча соҳаларда самарали меҳнат қилаётганларининг сабабидир.
Меҳрибон она, суюкли ёр, жонкуяр фарзанд бўлиши билан бир қаторда, аёлларнинг юртимиз фаровонлиги, халқимиз равнақи йўлидаги хизматлари ҳамиша мақтовга ва эъзозга сазовор. Латофат ва нафосат соҳибаси, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлмиш аёл зоти ҳақида тарихимизда улуғ шоиру адиблар гўзал шеър ва достонлар битган бўлса, донишманд мутафаккир аждодларимиз қанчадан-қанча ҳикматларни баён этганлар.
Аёл азал-азалдан меҳр-шафқат ва садоқат тимсоли бўлиб келган. Аёл деганда, кўз ўнгимизда, аввало, улуғ ва табаррук она сиймоси гавдаланади. Инсон зоти борки, оламдаги барча яхшилик ва эзгуликларни, ҳаёт сиру асрорлари ва сабоқларини онанинг меҳру саховати туфайли ўрганади.
Бу ҳақда фикр юритганда, “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деган Ҳадиси шарифни эслаш кифоя. Яъни, биз - фарзандлар оналаримизни бошга кўтаришга, уларга ҳамиша шафқатли, хокисор бўлишга, хизматларини қилишга буюрилганмиз.
Улуғ донишмандлар Ватанга энг муносиб таъриф сифатида уни Она сиймосига қиёс этганликларида катта маъно бор. Дунёда “муқаддас” деган сўзга энг муносиб зот ҳам – Онадир. Онани эъзозлаш – бизнинг миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат. Чунки аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чароғбони, умримизнинг гули деб эъзозласак, демакки, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз.
Аёл борки, олам мунаввар! Аёл борки, ҳаёт гўзал ва мафтункор! Инсон, оила, аёл тушунчаларини бир-биридан ажралган ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Оилани ҳам, жамиятимизни ҳам бирлаштириб, унга файзу барака киритадиган, хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиздир.
Чиндан ҳам, аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёсдир. Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалбидарёлиги билан оиладаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ҳамда адолат муҳитини сақлаб турадилар.
Мустақил Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузининг ошишида ҳам, турмуш тарзининг осудалиги, бахту саодати ва тотувлиги, бунёдкорлик, яратувчанлик ишларида ҳам аёлларимизнинг ақл-заковати, ўткир зеҳни мужассам.
Дунёда давлат ва жамиятнинг нуфузи, демократик тафаккури, маданий даражасини кўрсатадиган мезонлар кўп. Лекин ҳар қайси миллат ва халқнинг маънавий камолотини гўёки ойнадек акс эттирадиган шундай бир мезон борки, у ҳам бўлса, жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати билан белгиланади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, аёлларни улуғлаб, ардоқлаб, кўкларга кўтариб яшайдиган халқ ўзининг юксак маданияти ва олижаноб қадриятларини амалда намоён қиладиган халқ сифатида жаҳонда обрў-эътибор қозонади.
Бу ҳақда сўз борганда, аёлларимиз хонадонларимиз, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ҳар доим ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитининг, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт қўрғонининг энг забардаст посбони бўлиб келган ҳамда бугун ҳам ана шундай фазилатлари билан инсонни - инсон, оилани - оила қилиб келмоқда, десак, янглишмаймиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг барча хотин-қизларини, шу жумладан эркак ходимларимизнинг онажонлари, турмуш ўртоқлари, опа-сингиллари ва қизларини, бутун юртимиз аёлларини ушбу сана билан қутлаймиз!
Азиз опа-сингиллар, дилбар аёллар! Нафосат ва гўзаллик, лобарлик, зеболик Сизларни ҳеч качон тарк этмасин!
Оилангиз, фарзандларингиз ва яқинларингиз, элу юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинг!
Байрамингиз муборак бўлсин!
МУХЛИСА ҲАСАНОВА,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали таҳририяти катта муҳаррири
- Қўшилди: 03.03.2021
- Кўришлар: 6419
- Чоп этиш