БМТ махсус маърузачиси – Ўзбекистонда

БМТнинг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, асосий эркинликларини илгари суриш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташрифи доирасида 29 ноябрь куни бир қатор учрашувлар ўтказди.

Дастлаб ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг мартабали меҳмон билан учрашувида томонлар Ўзбекистон ва БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ихтисослашган тузилмалари билан ҳамкорлигига доир долзарб масалалар муҳокама қилинди.

БМТ махсус маърузачиси мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, бошқа давлатларда оғир аҳволга тушиб қолган шахсларга самарали ёрдам кўрсатиш, жумладан, Яқин Шарқдаги уруш ҳудудларидан одамларни, айниқса, аёллар ва болаларни ватанга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатни юқори баҳолади.

Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Афғонистон халқига тезкор инсонпарварлик ёрдам кўрсатиш зарурлиги ҳақида умумий фикр билдирилди.

Ни Аолайн хоним билан “Тараққиёт стратегияси” марказида бўлиб ўтган учрашувда Республикамиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарияти, жумладан, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Омбудсман, Бош прокуратура масъуллари, парламент аъзолари, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Олий суд ва Конституциявий суд вакиллари иштирок этди.

Марказ ижрочи директори Элдор Туляков меҳмонларга “Тараққиёт стратегияси” маркази фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, марказда давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ҳамкорлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилгани, турли масалалар бўйича очиқ мулоқот асосида муҳокамалар ташкил этиб борилиши таъкидланди.

Тадбирда нуфузли халқаро ташкилот вакилининг мамлакатимизга ташрифи Ўзбекистоннинг бу борада олиб бораётган саъй-ҳаракати халқаро майдонда эътироф этилаётганидан далолат экани қайд этилди.

– Ўзбекистон ҳукумати таклифи билан БМТнинг махсус маърузачиси сифатида юртингизда биринчи бор бўлиб турибман, – деди Фионнуала Ни Аолайн. – Терроризмга қарши кураш бутун дунё каби, мазкур минтақа учун ҳам долзарб масала ҳисобланади. Айни йўналиш инсон ҳуқуқлари билан чамбарчас боғлиқлиги туфайли бу учрашувимиз жуда муҳим, деб ўйлайман. Қолаверса, Ўзбекистоннинг охирги йилларда уруш давом этаётган жойлардан фуқароларни қайтариш ва уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасидаги тажрибасини ўрганиш мақсадимиз бор. Мамлакатингиз минтақа доирасида хавфсизликни мустаҳкамлаш, жумладан, Афғонистонда барқарорликни таъминлаш орқали ҳам ташкилот фаолиятига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Меҳмон, шунингдек, Ўзбекистон сўнгги йилларда Инсон ҳуқуқлари кенгаши доирасида жуда кўп ижобий ишлар қилгани ва самарали ҳамкорлик изчил давом этишига ишонч билдирди.

Умуман, мамлакатимизнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиши Ўзбекистон ҳукумати ушбу масалага жуда жиддий қараётганидан далолат. Зеро, республикамиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шу боис юртимизда ёшларни авайлаш, уларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, жумладан, кибертерроризм асосида ўғил-қизлар онгини заҳарлаш ҳолатларидан огоҳ бўлиш зарурлиги эътироф этилди.

БМТ вакиллари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов билан ҳам учрашди.

Суҳбат чоғида меҳмонларга Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, ушбу йўналишларда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар хусусида маълумот берилди.

Делегация аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти, фракциялар ва қўмиталар иш услуби хусусида ҳам батафсил ахборот олдилар.

Таъкидланганидек, террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳларга алоқадор фуқаролар мурожаатини кўриб чиқиш учун Бош прокурор раислигида Республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Комиссия хулосаси асосида фуқаролар жиноий жавобгарликдан озод қилиниши белгиланди. Президентимиз ташаббуси билан у ёки бу даражадаги турли гуруҳларга алоқадор ҳисобланган 20 мингдан зиёд фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг “махсус рўйхати”дан чиқарилди, бундай “рўйхатлар”ни юритиш амалиёти тугатилди.

2019-2021 йиллар давомида “Меҳр” гуманитар операцияси доирасида Сурия ва Ироқ ҳудудида оғир аҳволда қолган, асосан, болалар ва аёллардан иборат 530 нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароси Ватанга қайтарилди. Уларга тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди, тинч ҳаётга қайтиш, жамиятга мослашиш учун зарур шарт-шароит яратилди, уй-жой ва иш бериш чоралари кўрилди.

Учрашув чоғида кейинги беш йилда сиёсий-ҳуқуқий ҳамда судлов тизимида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар ҳам эътироф этилди.

Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашув якунида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Шу куни хорижий ташкилот вакиллари билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Адлия вазирлигида ҳам учрашувлар бўлиб ўтди.

БМТнинг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, асосий эркинликларини илгари суриш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи давом этяпти.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech