30 ноябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн Сурия, Ироқ ва Афғонистондан қайтиб келган шахсларнинг реабилитация марказига ташриф буюрди.
БМТ махсус маърузачиси Тошкент вилоятида жойлашган масканда “қайноқ нуқта”лардан олиб чиқилган аёллар ва болаларни реабилитация қилиш учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2019 йилдан буён Ўзбекистон Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги аёллар ва болаларни қайтариш бўйича бешта «Меҳр» операциясини ўтказди. Можароли ҳудудлардан мамлакатга жами 531 нафар киши олиб келинди.
Ўзбекистон томонидан “қайноқ нуқта”лардан олиб чиқилган аёллар ва болаларни реабилитация қилиш мақсадида ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳлар зиммасига ушбу фуқароларни реабилитация қилиш, ҳужжатларини тиклаш, ишга жойлаштириш, бошпана билан таъминлаш, болаларни мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига жойлаш, етим болалар учун васий ҳамда ҳомийлар белгилаш ёки уларни давлатга қарашли ижтимоий муассасаларга жойлаштириш, бу инсонларнинг соғлиги ва руҳий ҳолати устидан доимий мониторинг олиб бориш вазифалари юкланди.
Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини можаро зоналаридан, шу жумладан Ироқ ва Суриядан ватанига қайтариш ва реинтеграцияси бўйича ҳаракатларини олқишлади. Бундай саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон каби фаоллик кўрсатган мамлакатлар кам экани эътироф этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.11.2021
- Кўришлар: 3479
- Чоп этиш