Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари иштирокида ўтказилган бешинчи халқаро тренинг доирасида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариши масалалари доирасида халқаро тажриба алмашишга бағишланган ушбу тренинг Буюк Британиянинг “Глобал шериклик бошқаруви жамғармаси” (GPGF) билан ҳамкорликда онлайн видеоконференция тарзида ташкил этилди.
Тренинг давомида ёшлар ҳуқуқлари соҳасида халқаро тизимлаштириш ва мажбуриятлар, ушбу йўналишда парламент назорати юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳалқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган сиёсатни амалга оширишда миллий ва халқаро тажриба алмашинуви муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 19 сентябрь куни БМТнинг 72-сессиясида илгари сурилган, дейилади parliament.gov.uz хабарида.
Бу борада қабул қилинган “Йўл харитаси”га кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан бир қатор давлат идоралари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи шакллантирилиб, Конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Конвенция лойиҳаси БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига ҳам юборилиб, олинган таклиф ва тавсиялар натижасида қайта тайёрланди. Шу билан бирга, ҳужжат кенг халқаро муҳокама учун тақдим этилди. Конвенция лойиҳасининг асосий қоидалари ва аҳамиятига эътибор қаратилди.
Тадбирда сайёрамизнинг бугунги ёш авлод вакиллари давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, ёшларнинг ривожланишига қаратилган муҳим ресурслар ажратилиши, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган ёшларга оид давлат сиёсатининг замонавий инфратузилмаси яратилишидан манфаатдор экани қайд этилди.
Аммо, мажбурий характерга эга бўлган халқаро ҳужжатнинг йўқлиги, ёшларга оид давлат сиёсатининг замонавий қонунчилик базасини шакллантиришни мураккаблаштирмоқда.
Ёшга қараб аҳолининг ёшлар қисмига кимлар мансублигини аниқлаш бўйича халқаро мезонларни ишлаб чиқиш ва буни ёшларнинг ҳуқуқлари ва уларни таъминлаш бўйича давлат мажбуриятларини белгиловчи халқаро ҳужжатда белгилаб қўйиш зарурати мавжуд.
Шу каби омиллар инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган Конвенцияни қабул қилишдан муҳим натижалар кутилмоқда.
Биринчидан, ёшларнинг ёшга доир хусусиятлари белгиланади. Ёшлар ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган халқаро ҳужжатларни инобатга олган ҳолда, ўн тўрт ёшдан ўттиз ёшгача бўлган шахсларни ёшлар деб белгилаш таклиф этилади.
Иккинчидан, давлатларнинг ёшларга оид сиёсати соҳасидаги халқаро мажбуриятлари рўйхати белгиланади.
Учинчидан, Ёшларни ривожлантириш масалалари, шунингдек миллий қонунчиликнинг ўзгаришига таъсири бўйича узоқ муддатли давлат дастурлари қабул қилинади.
Тўртинчидан, энг муҳими, бутун дунёдаги ёшларни жамият ҳаётида тўлиқ, самарали ва амалий иштирок этишлари учун реал имкониятлар яратилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.02.2021
- Кўришлар: 5239
- Чоп этиш