Адлия вазирлигида БМТнинг Терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масаласи бўйича махсус маърузачиси Фионулла Ни Аолайн билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда адлия вазири Русланбек Давлетов Ф.Аолайнни Ўзбекистон Республикасида халқаро терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.
Терроризм ва экстремизмга қарши курашда Ўзбекистон ҳукумати асосий эътиборни ушбу иллатнинг тарқалишига ёрдам берувчи шарт-шароитлар ва сабабларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратаётгани алоҳида таъкидланди.
Р.Давлетов инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ҳурмат қилиш Ўзбекистонда терроризмга қарши курашнинг ажралмас қисми ҳисобланиши, терроризмга қарши ҳукумат томонидан кўрилаётган чоралари миллий қонунчилик ва мамлакатнинг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларига тўлиқ мос келишини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш, жумладан, қийноқларнинг олдини олиш, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятини эркинлаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини ривожлантириш, гендер тенглигини таъминлаш соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотлар берилди.
Ўз ўрнида, Ф.Аолайн Ўзбекистонда кейинги беш йилда амалга оширилган ислоҳотларнинг кўлами ва самарадорлигини юқори баҳолади. Жумладан, Ф. Аолайн Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўз фуқароларини Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли можаролар ҳудудларидан қайтариш бўйича амалга оширилган ишлар ва қайтарилган фуқаролар реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича амалга оширилган ишларни юксак баҳолади.
Ф.Аолайннинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ушбу соҳада дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади ва бу йўналишдаги Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатлар учун ҳам намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Тадбир давомида икки томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини келгусида давом эттиришга келишиб олинди. Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 30.11.2021
- Кўришлар: 4205
- Чоп этиш