Жорий йилнинг 26-27 апрель кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази эксперти Хоразм вилоятидаги олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида бўлиб, “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” фанларини ўқитиш сифати бўйича мониторинг ўтказди.
2020 йил 22 июнда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга оширишга доир «йўл харитаси»нинг 68-бандига мувофиқ республикамиздаги бир қанча давлат таълим муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” фанларини ўқитиш йўлга қўйилди. Бу орқали аҳолининг, айниқса, болалар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, таълим муассасаларида инсон ҳуқуқларига оид билимлар янада чуқурроқ ўқитилишини таъминлаш, пировард натижада ҳар бир шахс инсон ҳуқуқларига онгли равишда риоя этишига эришиш мақсадлари кўзланган.
Хоразм вилоятида мониторинг назоратини олиб борган Марказ эксперти – Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва маърифат бўлими бошлиғи Фарҳод Ҳайитбоев вилоятдаги барча олий таълим муассасаларида, шунингдек Урганч давлат университети ҳузуридаги академик лицей ҳамда Хива қишлоқ хўжалик техникумида бўлиб, дарс жараёнлари билан яқиндан танишди, ўқитувчилар ва талабалар билан суҳбатлашиб, таълим сифатини ошириш бўйича зарурий тавсиялар берди.
Урганч давлат университетида мониторинг ўтказиш асносида университет ахборот-ресурс марказига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тақдим этилган 16 номдаги 50 дан ортиқ китоблар жамланмаси ҳам топширилди.
Урганч давлат университети ҳузуридаги академик лицейда эса давра суҳбати ташкил этилди. Унда талабалар ҳуқуқий мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.
Шунингдек, мониторинг давомида ўқитувчилар ва талабалар ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим жараёнига оид сўровнома ўтказилди. Сўровнома натижаларини умумлаштириш ва таҳлил қилиш орқали Хоразм вилоятида ҳуқуқий фанларнинг ўқитилиши бўйича муайян хулосалар чиқарилади.
Ўтказилган мониторинг натижалари батафсил таҳлил қилиниб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиши ва улар вилоятдаги таълим муассасаларига юборилиши режалаштирилган.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали масъул котиби
- Қўшилди: 29.04.2021
- Кўришлар: 4239
- Чоп этиш