Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ахбороти эшитилди

2021 йил 9 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан ахборотини эшитди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов очар экан, “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармонига мувофиқ тасдиқлангани, унда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар, стратегиянинг мақсад ва вазифалари, уни амалга оширишнинг асосий йўналишларини мониторинг қилиш, молиялаштириш механизми ва кутилаётган натижалар ўз аксини топганлигини қайд этиб, мазкур стратегияни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да халқаро стандартларни қонунчиликка имплементация қилиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда халқаро ва минтақавий тузилмалар билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор берилганлигини таъкидлади.

Эшитувда дастлаб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М. Тиллабоевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”нинг ижроси юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилганидек, “йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан 2021 йил 1 июнь ҳолатидаги мониторинг натижалари маълум қилинди. Унга кўра, 28 банд бўйича ишлар ўз муддатида тўлиқ бажарилгани, 50 банд ижроси давом этаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, Миллий стратегия ижроси доирасида 33 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Ўтган давр мобайнида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунлари ҳамда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги ва “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунлари қабул қилингани алоҳида эътироф этилди.

Шу билан бир қаторда “Йўл харитаси”нинг ижроси доирасида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва Қочоқлар масалалари бўйича Олий комиссарлари бошқармалари, БМТнинг Тараққиёт дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг 500 нафардан ортиқ раҳбар-ходимлари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги малакасини онлайн-тренинг асосида оширилган.

“Йўл харитаси”га мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг 2020 йил 25 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясини тузиш тўғрисида”ги Қўшма қарори асосида тузилиб, мазкур комиссия ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган ва қўшилган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар мазмуни тўғрисида аҳоли ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг хабардорлигини ошириш бўйича ахборот-таълим тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Мазкур чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган ва қўшилган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 81 та халқаро шартномадан 51 таси давлат тилига таржима қилинган.

Таъкидланганидек, “йўл харитаси” ижроси доирасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция (Нью Йорк, 2000 йил, 13 декабрь) ратификация қилинди. Конвенциянинг қабул қилиниши ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш миллий тизимини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида умумэътироф этилган нормаларнинг кенг татбиқ этилишига хизмат қилади.

Эшитув давомида Ташқи ишлар вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасида ратификация қилинган халқаро ҳужжатлар бўйича вазирлик томонидан олиб борилаётган амалий ишлар тўғрисида”ги, Адлия вазирлигининг “Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро ҳужжатларга амал қилиниши бўйича аҳоли, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг хабардорлигини ошириш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида”ги ҳисоботлари эшитилди.

Тадбирда берилган саволлар, билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларни ўзида мужассам қилган қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Манба: parliament.gov.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech