Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 22 февраль куни Женева шаҳрида ўз ишини бошлаган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессияси Юқори даражадаги сегментида сўзлаган тарихий нутқи мамлакатимиз ва жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг ҳамда қизғин муҳокама қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллик тарихи инсон ҳуқуқлари универсал қадрият эканини яққол исботлади. Бу устувор тамойилсиз ер юзида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди".
Ўзбекистон Президенти ўз чиқишида мамлакатимизда демократик ўзгаришларни янада чуқрлаштириш ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича тўхталди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида бир қанча муҳим натижаларга эришди. Хусусан, 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига 2021-2023 йилларга сайланди.
Юртбошимиз таъбири билан айтганда, "инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради". Шу маънода, БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда "Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик" тамойили асосида амалга оширилмоқда.
Юртимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида амалга оширилаётган қамровдор ишлар самаралари яққол мисол бўла олади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2020 йил 22 июнда қабул қилинган Миллий стратегия мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш очиқ-ойдин кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгаши 2020 йил 25 сентябрда қабул қилган қўшма қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси тузилди ва унинг таркиби ҳамда Регламенти тасдиқланди. Парламент комиссиясининг асосий мақсади – инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилишига ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.
Соҳадаги яна бир муҳим натижа: Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги Фармонига кўра, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди.
Эътибор беринг: ҳар 5 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилинган кун – 10 декабрда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтади. Ушбу мукофот 1966 йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга улкан ҳисса қўшган инсонларни тақдирлаш учун ташкил этилган.
Эндиликда Ўзбекистон ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича ўз мукофотини таъсис этди. 2020 йилдан бошлаб ҳар йили 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорлари тантанали равишда тақдирлаб борилмоқда.
Буларнинг барчаси, шубҳасиз, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши туфайли ушбу соҳада давлат сиёсати самарали амалга оширилаётганидан далолат беради. Бу, ўз навбатида, жамиятимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда фаол гендер сиёсати доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш бўйича жадал иш олиб борилмоқда. Юртбошимиз БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида қайд этганидек, "Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди".
Ҳақиқатан ҳам, Олий Мажлисга бўлиб ўтган охирги сайловлар натижасида биринчи маротаба Ўзбекистон парламентида аёллар сони бўйича БМТ тавсиялари (камида 30 фоиз) тўлиқ бажарилди. Қонунчилик палатасига 32 фоиз, яъни 48 нафар аёл-депутатлар сайлангани, ўз навбатида, дунёдаги 190 парламент ичида Ўзбекистон парламентининг 37-ўринга кўтарилишини таъминлади.
Кейинги 4 йилда мамлакатимизда 2 та муҳим қонун – “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. 2020 йилнинг ўзида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳукумат ва жамиятдаги ролини оширишга, уларнинг бандлигини таъминлашга, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ва муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Ўтган йилдан бошлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилди. Мазкур янги тизим асосида 2020 йилда 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар ўқишга қабул қилинди. Барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолияти ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси фаол ишламоқда. Янада муҳими, Президентимиз парламентга тақдим этган Мурожаатномасида Сенат Раиси раҳбарлигида Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш вазифасини кун тартибига қўйди.
Биргина шу далил ва рақамларнинг ўзи ҳам юртимиз аёлларининг жамиятда ҳақиқий ўрнини эгаллаб бораётганидан далолат бериб турибди. Бинобарин, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш Ўзбекистон Президенти олиб бораётган адолатли сиёсатнинг устувор йўналишларидандир.
Ўзбекистон Президенти БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги чиқишида мамлакатимизда гендер сиёсати қатъий давом эттирилишини таъкидлагани бежиз эмас. Бу йил юртимизда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқотини ташкил этиш, шунингдек хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилгани ҳам шундан далолат беради.
Ўзбекистон Президентининг нутқида янграган алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилиши ҳақидаги фикрлар ҳам диққатга лойиқдир.
Маълумки, мамлакатимизда 2020 йил 15 октябрда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 2021 йил 17 январдан кучга кирган ушбу Қонун 2008 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг ўрнини босади.
Бугунги кунда Олий Мажлис палаталарида БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш билан боғлиқ ишлар изчил олиб борилмоқда. Айни пайтда эса Конвенциянинг халқаро стандартлари ва талабларини, шунингдек “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамасидан фойдаланишни назарда тутувчи мазкур Қонун мамлакатимизнинг юқоридаги тоифага мансуб вакиллари ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалашга хизмат қилади.
Янги Қонун ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини белгилайдиган асосий қонун ҳужжати ҳисобланади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 700 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилиши эътиборга олинса, мазкур Қонуннинг долзарблиги ва аҳамияти яққол намоён бўлади.
Давлат ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилаларга моддий, маслаҳатга оид ва бошқача тарзда ёрдам беради, содда қилиб айтганда, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида айтилганидек, Ўзбекистонда ногиронликни белгилашнинг жаҳон андозаларига мос «ижтимоий модели»га босқичма-босқич ўтилади.
Муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Бу имкониятдан қарийб 50 минг киши фойдаланиши мумкин бўлади.
Президентимизнинг бу борадаги янги ташаббуси – имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш таклифи ҳам шу каби эзгу мақсадларга қаратилган.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ёшлар масаласи, чиндан ҳам, янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. Охирги парламент сайловида Қонунчилик палатасига 30 ёшгача бўлган 9 нафар депутат сайлангани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Бугун парламентимиз қуйи палатаси таркибининг 6 фозини ёшлар ташкил этмоқда, жаҳон миқёсида эса бу кўрсаткич атиги 2 фоиздир.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессияси минбаридан туриб яна бир бор барча-барчани БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақиргани бежиз эмас. Конвенция лойиҳаси бутун дунё жамоатчилиги томонидан алоҳида эътироф этиляпти. Жумладан, ўтган йили ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида бу конвенция лойиҳаси бўйича ижобий фикрлар билдирилди.
Ўзбекистон нафақат ушбу конвенция лойиҳасини тайёрлаш ташаббуси билан чиқди, балки ёшлар масаласини бугун давлат сиёсатининг устувор йўналиши даражасига кўтарди. Мамлакатимизда Ёшлар ишлари бўйича агентлик ташкил этилди, фондлар тузилди, навқирон йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича доимий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Юртимизда кейинги даврда тузилган ёшлар ташкилотлари ҳақида сўз борган экан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилганини ҳам қайд этиш ўринлидир. Президентимиз 2020 йил 29 майда имзоланган "Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармон билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари Женевадаги нутқида Ўзбекистонда жорий йилнинг "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилинганини маълум қилар экан:
биринчидан, БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;
иккинчидан, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;
учинчидан, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси институтини таъсис этиш ташаббусларини илгари сурди.
Агар ҳозирги кунда дунёда инсоният тарихида кузатилмаган даражада кўп – 2 миллиарддан зиёд ёшлар мавжудлиги ҳисобга олинса, Ўзбекистон Президентининг бу ғоялари ниҳоятда долзарб ва фойдали эканини яққол англаш мумкин.
Давлатимиз раҳбари мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталар экан, "бу – ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан бири бўлди" деб алоҳида қайд этди. Бу бежиз эмас.
Сўнгги 15 йил ичида дунёда одам савдоси қурбонлари орасида болаларнинг улуши уч бараварга ошган, аёллар ушбу жиноий ҳаракатнинг асосий нишони бўлиб қолмоқда. БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерриш маълумотларига қараганда, ҳозирги кунда дунё бўйича 40 миллиондан ортиқ одам қулликнинг замонавий шаклларига дучор этилган бўлиб, уларнинг 71 фоизини аёллар ва қизлар ташкил этади.
Халқимиз қадр-қиммати, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлашда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари катта аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Миллий стратегия ижроси доирасида 2020 йил 17 августда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилингани диққатга лойиқдир. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.
Янги Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди. Қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялашга хизмат қилади.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) эълон қилган Ўзбекистонда 2020 йилги пахта терими бўйича мониторинг натижаларига кўра, ўтган йилги пахта йиғим-теримида юртимизда болалар ва мажбурий меҳнат ҳолатлари тизимли равишда кузатилмаган. Шу билан бирга, баъзи вилоятлар ва туманларда мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир ислоҳотларни жорий қилиш билан боғлиқ айрим қийинчиликлар кўзга ташланмоқда.
Давлатимиз раҳбари "Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йили" деб эълон қилинган жорий йилда Ўзбекистонда Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилинишига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратгани шуни англатадики, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам беришда қонун асосида кутилган мақбул натижаларга эришамиз.
Бундан ташқари, Президентимиз инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича таълимни ривожлантириш борасида, биринчидан, Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда глобал форум ўтказиш; иккинчидан, ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига Ўзбекистон ўз ҳиссасини қўшиши таклифларини билдирди.
Давлат раҳбарининг бу ҳақдаги фикрларини тинглар эканман, Самарқанд веб-форумининг 2020 йил 13 августда бўлиб ўтган учинчи ялпи мажлисида ёшлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим масалалари муҳокама қилинганини эсладим. Ўшанда турли мамлакатлар экспертлари томонидан ёшларга инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бериш борасидаги тажриба таҳлил этилиб, ушбу муҳим йўналишни такомиллаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим нима учун айнан ёшларга бунчалик муҳим? БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси вакили Паулина Тандиононинг фикрича, "Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларни ривожлантириш ва жамият ҳаётига жалб этишнинг калитидир".
Европа Кенгашининг Ёшлар ишлари бўйича маслаҳат кенгаши аъзоси Ника Бахсолиани таъкидлашича, "таълим – адолатсизликка барҳам бериш усули бўлса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим – бу соҳадаги энг мақбул усулдир".
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси маслаҳатчиси, "ND Consultance" директори Нордин Дриси эътироф этганидек, «Ўзбекистонда бугунги кунда юз бераётган ижобий сиёсий ўзгаришлар туфайли инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ишончли билимларни эгаллаган янги авлод ҳуқуқшуносларини тарбиялаш учун мустаҳкам платформа яратилиши мумкин".
Шу ўринда ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази халқаро ҳамкорлар билан биргаликда “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули машғулотларини ўтказиб келаётгани ҳақида мухтасар тўхталмоқчиман. Мазкур ўқув модули мамлакатимиз судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбар ходимлари учун мўлжалланган.
Машғулотлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари ижроси доирасида ташкил этилди. Жумладан, бу БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси тавсиялари тақозосидир.
Ўқув курсида барча судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимлари икки босқичда ўқитилмоқда. Олий суд, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбар ходимлари – жами 2 минг 300 дан зиёд тингловчини махсус ўқув модули машғулотларига жалб этиш режалаштирилган.
Мамлакатимизда фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича ҳам изчил ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Бинобарин, 1991 йилдан 2016 йил декабргача 482 киши Ўзбекистон фуқаролигини олган бўлса, 2016 йил декабрдан 2020 йилгача бўлган муддатда бундай шахслар 15 минг нафарни ташкил этди.
Шу билан бирга, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда яшаб келган 50 минг нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинди.
Давлат раҳбари Юқори даражадаги сегментда сўзлаган нутқида: "бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқроликка эга бўлади", деб қайд этди. Бундай муҳим қадамлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига муносиб жавобдир.
Биз инсон ҳуқуқларини кафолатлаш, ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш борасида эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмаймиз. Шу маънода, Президентимиз халқаро форум иштирокчилари эътиборини мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги кодекслар ишлаб чиқилаётганига қаратгани жуда муҳимдир.
Бу кодекслардан бири – Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантиришга, иккинчиси эса сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши лозим. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, буни биз "қатъий мақсад қилганмиз".
Ўзбекистон Президенти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 3 та таклиф билан чиқди.
биринчи таклиф: Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш;
иккинчи таклиф: Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протколини Ўзбекистон томонидан ратификация қилиш;
учинчи таклиф: мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида БМТнинг Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачисини мамлакатимизга таклиф этиш.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелетнинг юртимизга ташрифини кутиб қолишимизни қайд этди. "Бу борада мандатга эга бўлган барча вакилларнинг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун доимий таклифнома юбориш ҳақида қарор қабул қиламиз", деди Президентимиз.
Шундай қилиб, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига бундан кейин ҳам содиқ қолади. Энг муҳими, Юртбошимиз таъкидлаганидек, "Демократик ислоҳотларимиз янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган бўлиб, бу ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди".
Ўз навбатида, Президентимизнинг нутқида инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича илгари сурилган миллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги янги ташаббуслар ҳамда белгилаб берилган устувор вазифаларни халқаро ҳамжамият билан ўзаро яқин ҳамкорликда тўла ва самарали амалга ошириш зиммамизга катта масъулият юклайди.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
- Қўшилди: 26.02.2021
- Кўришлар: 4799
- Чоп этиш