Комплаенс маданияти – институционал тараққиётнинг асоси
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлиб, унинг ҳуқуқий асослари, ташкилий тузилмаси ва амалга ошириш стратегияси белгиланган.
Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилиши ислоҳотларнинг дастлабки муҳим қадами бўлиб, уни амалга оширишнинг миллий механизми сифатида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қонун ва қарорлар ўз навбатида мазкур салбий иллатга қарши курашишнинг самарали омили бўлиб, муҳим аҳамият касб этади.
Демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги қонуни билан, Ўзбекистон стандартлар институтига «Стандартлаштириш бўйича миллий орган» мақоми берилган. Ушбу мақом Институт зиммасига нафақат стандартлар ишлаб чиқиш, балки соҳада илғор бошқарув тизимлари, жумладан комплаенс маданиятини институционал даражада шакллантириш ва ривожлантириш каби муҳим вазифаларни юклайди.
Бугунги глобал шароитда коррупцияга қарши курашиш, ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлаш, давлат ва жамоат ташкилотларида шаффоф бошқарувни жорий этиш барча соҳалардаги ислоҳотларнинг узвий қисмига айланди. Мукаммал стандартлаштириш тизимини барпо этиш ҳам айнан комплаенс маданияти қанчалик мустаҳкам эканлигига бевосита боғлиқ.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар Институт фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда. Институтда комплаенс тизимининг институционал роли қайта кўриб чиқилиб, хавф-хатарлар харитаси янгиланди, ходимларни ўқитиш жараёнлари кенгайтирилди ва жамоада ҳалоллик маданиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Муҳим жиҳати шундаки, коррупцияга қарши 17 та асосий сиёсат ва йўриқномалар тўлиқ янгиланиб, амалиётга жорий этилди. Бу эса комплаенс тизимини янги босқичга олиб чиқди ва ҳар бир жараённи хавфларни баҳолашга асосланган ҳолда ташкил этиш имконини берди.
Комплаенс маданиятининг институционал даражада мустаҳкамланиши фақат қонун ва қоидалар билан эмас, балки аниқ натижалар билан исботланади. 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистон стандартлар институти фаолиятида кузатилган рақамлар комплаенс тизими ташкилотнинг ҳар бир йўналишига чуқур сингганини кўрсатади.
Комплаенс маданияти фақат ички назорат ва қоидалар билан эмас, балки жамоанинг онгидаги ўзгаришлар билан мустаҳкамланади. Мана шу мақсадда амалга оширилаётган ишлар муҳим амалий натижалар бермоқда.
Институтнинг халқаро стандартлаштириш жараёнларидаги иштироки кенгайиб, бу орқали комплаенс маданияти халқаро талаблар билан уйғунлашмоқда. Ахборот технологиялари, рақамли трансформация, сунъий интеллектни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам муайян даражада шаффофлик ва ҳисобдорлик маданиятини таъминламоқда.
Шунингдек: 4,5 мингга яқин халқаро стандартлар билан уйғунлашган стандартлар қабул қилинди, 899 нафар аъзога эга 34 та техник қўмита фаолияти йўлга қўйилди, ISO ва IEC техник қўмиталарида тўлақонли иштирок кенгайтирилди; Германия, Франция, Корея, Хитой билан ҳамкорликда кадрлар салоҳияти оширилди.

Бу ҳамкорликлар институтдаги комплаенс маданиятини халқаро даражага олиб чиқишга хизмат қилмоқда.
Дунёдаги 185 та давлатнинг маҳсулот ва хизматлар сифати қандай таъминланиши, стандартлар қай даражада жорий этилгани ва метрология тизими қандай ишлаётганини баҳолайдиган Global Quality Infrastructure Index (GQII) 2025 йил учун янгиланган рейтингини эълон қилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида, ушбу халқаро рейтингда Ўзбекистон ўз ўрнини мустаҳкамлаб, 52-ўрин билан яхши натижага эришган. Бунда стандарт йўналишида 23 поғонага кўтарилиб, 57-ўринни эгаллади.
Ўзбекистоннинг рейтингда тез кўтарилиши – маҳаллий маҳсулотлар сифатининг ошиши, экспортда рақобатбардошлик кучайиши, халқаро талабларга мос сертификатлаш тизими яратилаётгани каби муҳим ўзгаришларни англатади. Бу, “сифатли маҳсулот ва хавфсиз хизмат” томон қўйилаётган амалдаги қадамларнинг халқаро тан олинишидан дарак беради. Чунки, сифат инфратузилмаси экспорт, саноат, озиқ-овқат хавфсизлиги, инсон саломатлиги, ташқи бозорларга чиқиш имконияти каби масалаларнинг таянч пойдевори.
Шу билан бирга, ISO 37001:2025 стандарти асосида антикоррупция менежмент тизимини жорий этиш ишлари бошлаб юборилган, ходимлар учун мунтазам онлайн дарслар, тренинглар, семинарлар ташкил этилмоқда. Бу жараёнларда манфаатлар тўқнашуви, хизмат текшируви, давлат харидлари, контрагентлар билан муносабатлар каби муҳим соҳалар қамраб олинмоқда.
Маълумки, институционал ривожланишнинг муҳим омили рақамлаштириш ва очиқлик бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 28 февралдаги тегишли қарорига мувофиқ “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими ишлаб чиқилиб, tris.uz электрон манзилида ишга туширилди.
Ушбу миллий ахборот тизими жами 12 та асосий модулдан иборат бўлиб, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш, аккредитациялаш ва давлат назорати йўналишларида барча жараёнларни рақамлаштириш, қоғоз шаклдаги ҳужжатлардан воз кечиб, барча сертификат, хулоса, баённома, хабарнома ва шу каби бошқа ҳужжатларни QR-код ёрдамида электрон расмийлаштиришга хизмат қилади.
Натижада, миллий ахборот тизимининг аттестация модули тўлиқ ишга туширилган бўлиб, бугунги кунда Мувофиқликни баҳолаш ва техник назорат соҳаларида 3 536 мутахассис аттестациядан муваффақиятли ўтди. Бу ўз навбатида, кадрлар салоҳиятининг ошиши ва масъулиятнинг кучайишини англатади.
Бундан ташқари, стандартлаштириш соҳасида рақамли трансформацияни жадаллаштириш мақсадида 2025 йил август ойида Давлат харидлари электрон тизими орқали сунъий интеллект асосида таржима қилиш дастурий таъминоти яратилди ва ҳозирда ai.tris.uz платформасида халқаро стандартларни давлат тилига автоматик таржима қилиш жараёни синов режимида амалга оширилмоқда.
Мазкур ахборот тизимини тўлиқ жорий этиш орқали стандартлаштириш жараёнларида шаффофлик, самарадорлик ва инсон омилини камайтиришга қаратилган рақамли ечимлар янада мустаҳкамланади.
Бу жараён ва натижалар рақамлаштиришнинг самарадорлигини кўрсатади ва комплаенс назоратидаги ишончли механизм сифатида хизмат қилади. Комлаенс маданияти, аввало, одамлар онгида шаклланади.
Шу боис, Институт ходимларининг ўқувлари, ходимлар учун сертификат дастурлари ва натижада 97 фоиз ўзлаштириш даражасига эришилган ўқув курслари амалга оширилди.
Рақамлар бир ҳақиқатни кўрсатадики, комплаенс маданияти норматив талаб эмас, балки Институтдаги бошқарув тизимини сифат жиҳатдан ўзгартирган асосий омилга айланди. Шаффофлик ошди, молиявий интизом кучайди, ходимлар салоҳияти ошди, халқаро ҳамкорлик кенгайди, рақамлаштириш эса барча жараёнларни янги босқичга олиб чиқди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, замонавий бошқарувда комплаенс маданияти – бу фақат ҳуқуқий талаб эмас, балки институционал тараққиётнинг ўзагидир. Ўзбекистон стандартлар институтида амалга оширилаётган тизимли ишлар – хавф-хатарларни баҳолаш, шаффофликни таъминлаш, рақамлаштириш, кадрлар малакасини ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш – барчаси бир мақсадга қаратилган:
Комплаенс маданияти барқарор институционал ривожланишнинг пойдеворига айланган. Коррупцияга қарши курашишда энг кучли механизм бу – муайян қоидалар эмас, балки барча даражаларда шаклланган комплаенс маданиятидир. Айнан шу маданият стандартларни яратиш, уларга амал қилиш ва соҳада барқарор ривожланишни таъминлашда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилади.
Абдурауф Абдуқаюмов,
Ўзбекистон стандартлар институти директори
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский