Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, биринчи навбатда, жисмоний имконияти чекланган одамларга тўлақонли ҳаёт кечириш учун шароит яратиш масаласи бугунги куннинг муҳим вазифалиридан бири ҳисобланади.
2021 йил 7 июнда “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун қабул қилинганлиги мазкур соҳадаги самарали ислоҳотларнинг давом этаётганлигининг яққол мисолидир.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглиги, ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ва болаларнинг таълим олиши, саломатлигини сақлаши, меҳнат қилиши, ўзи ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлишининг ҳуқуқий кафолатларини белгиловчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат хисобланади.
Мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ратификация қилингач, барча давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти вакилларига конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича муҳим ва масъулиятли вазифаларни юклайди. Шу мақсадда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилди. Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бошчилигида вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди.
Миллий ҳаракатлар режасининг дастлабки лойиҳаси ишчи гуруҳ аъзолари таклифлари асосида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилди. Лойиҳа 20 дан ортиқ вазирлик ва идораларга, 10 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотларига таклифлар олиш юзасидан юборилди. Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси халқаро ташкилотлар – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси, БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координаторига юборилди, олинган таклифлар асосида лойиҳа янада такомиллаштирилди.
2021 йил 14 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази БМТнинг мамлакат жамоаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича миллий маслаҳатлашув ўтказилди.
Тадбирда Конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси муҳокама килинди ҳамда халқаро ва миллий даражадаги соҳа мутахассисларидан таклиф ва тавсиялар олинди.
Миллий ҳаракатлар режаси 6 та асосий йўналишдан ташкил топган ва қуйидаги масалаларни қамраб олган:
I. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш
- мамлакатдаги мавжуд қонунларни Конвенция қоидаларига мувофиқлигини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан камситувчи меъёрлар мавжудлигини амалдаги қонунчиликни таҳлил қилиш орқали аниқлаш ва уларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш масалалари;
II. Ногиронлиги бўлган шахслар учун инфратузилма ва барча турдаги хизматлардан фойдаланиш
- барча ҳизматлардан тенг равишда фойдаланиш бўйича кенг имкониятлар яратиш бўйича чора-тадбирлар;
III. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш
- таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва таълим муассасалари фаолиятини Конвенция талабларига мувофиқлаштириш, таълим соҳасидаги таркибий ўзгаришлар билан бирга инклюзив таълим концепцияси асосида мамлакатда инклюзив таълимни амалга ошириш механизмини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар;
IV. Ногироликни белгилаш ва улар аҳволини баҳолаш, ижтимоий реабилитация ва абилитация тизимини такомиллаштириш
- аҳолининг ногиронлигини олдини олиш мақсадида ногиронликни эрта аниқлаш чораларини кучайтириш, ногиронлиги бўлган шахларнинг эҳтиёжлари турига қараб ижтимоий реабилитация ва абилитация стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича тадбирлар;
V. Ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш борасида жамоатчилик онгини мустаҳкамлаш
- маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирларини ўтказиш масалалари бўйича чоралар;
VI. Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилишини мувофиқлаштириш тизимини ва доимий давлат ва жамоатчилик назоратини ривожлантириш учун шароит яратиш
- Ўзбекистонда Конвенцияни амалга оширишнинг миллий механизмини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари қўмитасига дастлабки ва миллий ҳисоботларни тайёрлаш масалаларини ўз ичига олган.
Кенг жамоатчилик вакилларининг таклифлари асосида Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида лойиҳа Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг расмий саҳифасига жойлаштирилди.
Жамоатчилик муҳокамаси жорий йилнинг 15 декабрига қадар давом этади. Барча фуқаролар ва жамоатчилик вакиллари Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини info@nhrc.uz электрон почта манзили орқали юборишлари мумкин.
- Қўшилди: 24.11.2021
- Кўришлар: 4845
- Чоп этиш