Лондонда Ўзбекистон билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг Англиядаги элчихонасида Элчи Равшан Усмонов дунёнинг энг йирик таълим муассасаларидан бири ҳисобланган “Pearson” компанияси бизнесни ривожлантириш бўйича вице-президенти Жейн Бейкер билан учрашди.

Музокара давомида таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи, жумладан замонавий дастурлар ва технологияларни республикамиздаги ўқув жараёнига жорий этиш масаласи муҳокама қилинди.

Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган, таълим хизмати соҳасида глобал етакчи мавқеига эга “Pearson” компанияси дарсликлар нашр қилиш, онлайн курслар уюштириш, ўқитувчилар билимини баҳолаш тизими ва малака ошириш дастурлари ишлаб чиқишга ихтисослашган. Жамоа тузилмасида дунё бўйлаб 70 минтақавий марказ фаолият кўрсатади. Ушбу бўлимларда 20 000 дан зиёд мутахассис ишлайди.

Учрашувда Британия томони вакиллари компаниянинг фаолияти, таълим маҳсулотлари ва касбий малака ҳамда кўникмани ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари ҳақида маълумот берди.  

Жейн Бейкер юртимизда амалга оширилаётган, ёшлар сифатли таълим олишига йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини эътироф этди ва ўзбекистонлик шериклар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Якунда таълим тизимига халқаро стандарт ва инновацияни жорий этишга кўмаклашувчи узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришдан умумий манфаатдорлик тасдиқланди.

А.Алимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech